Конституция - адолат тантанаси мавзусида давра суҳбати ўтказилди
“Конституция – адолат тантанаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси хамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мазмун-моҳиятига бағишланган “Конституция – адолат тантанаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Марказ илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилар, Тошкент давлат юридик университети талабаларидан ташкил топган ҳуқуқ-тарғибот гуруҳи ҳамда талабалар иштирок этди. Тадбирда Конституция ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган биринчи навбатдаги устувор вазифалар, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принциплари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда сайлов тизимидаги фундаментал вазифаларга оид муҳим йўналишлар юзасидан маъруза ва тақдимотлар қилинди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини беради. Шу боисдан, янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир.
Давра суҳбати якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.