Келажак ёшлар учун ва улар билан бирга барпо этилади


   30 январь  куни   пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган  Тошкент  Молия институти қошидаги 2-сон академик лицеида “Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси маркази: мақсад ва вазифалар,  истиқболдаги устувор йўналишлар” мавзусида лицей жамоаси ва ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

   Тадбирда Ислом цивилизацияси маркази директори, Олмазор тумани, 22-сайлов округидан Тошкент шаҳар кенгашига депутат Ш.Миноваров, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, лицей директори Х.Сайидрасулова, марказ илмий ходимлари иштирок этдилар.

   Ш.Миноваров Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси, унинг илмий-тарихий концепцияси, мақсад ва вазифалари ҳақида ўқувчи ёшларга атрофлича маълумот берди. У мамлакат Раҳбари ва ҳукумати томонидан олиб борилаётган ташқи ва ички сиёсат жамият фаровонлиги ва ёшлар келажагини таъминлашга қаратилганини ўтган ҳафта Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга қилган мурожаати мазмунидан келиб чиққан ҳолда тушунтириб берди. Марказ табаррук ислом динининг илмга, бунёдкорлик ва яратувчанликка,бағрикенглик ҳамда олийжанобликка даъват қилувчи таълимот эканлигини намойиш қилишини, ўзбек халқининг буюк аждодларидан қолган бебаҳо илмий ва маънавий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш Ислом цивилизацияси маркази олдида турган асосий вазифалар эканини таъкидлади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илм ва маърифат ўчоғи сифатида фаолият юритиши миллий ва халқаро кўламда катта қизиқиш, хайрихоҳлик уйғотаётганини қайд қилди.

    Марказ директори “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” журналининг илк сонини йиғилганларга тақдим қилди.

   Марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ўқувчи ёшларга юртимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккирлар, уларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс хизматлари ҳақида маълумот берди. Айни пайтда у қомусий илмлар соҳиби бўлган улуғ аждодлар билан нафақат фахрланиш, балки уларга муносиб ворислар бўлиш ўзбек ёшлари олдида турган энг муҳим вазифалардан эканини уқтирди.

  Тадбир ниҳоясида лицей ўқувчилари ва устозларининг саволларига жавоб қайтарилди. Жамоат транспортини лицей яқинидан қатнашини таъминлаш, лицей атрофидаги қатнов йўлини таъмирлаш бўйича депутатлик наказлари олинди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати