Карим Ифрак: замонавий технологиялар, ҳатто сунъий йўлдош ортида Муҳаммад Хоразмий турибди
Ўзбекистон фондларида сақланаётган қўлёзма Қуръонлар бизни илҳомлантириб, тадқиқот олиб боришга ундамоқда.
Пойтахтимизда 18 октябрь куни бошланган Маданий мерос ҳафталиги (“Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар”)да иштирок этаётган Франция Миллий илмий-тадқиқотлар маркази ижрочи директори, исломшунос олим Карим Ифрак мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистоннинг қўлёзма Қуръонлари лойиҳаси билан иштирок этаётганини айтди.
“Ўзбекистон қўлёзма қуръонларини дунёнинг бошқа кутубхона ва музейларидан ҳам топишингиз мумкин. Айнан Ўзбекистондагиси алоҳида бир мавзу. Бу ерда тадқиқот олиб бориш давомида шунга амин бўламизки, айнан Ўзбекистондаги қўлёзма қуръонлар кутубхона ва фондларда топилмайди, камёб.
Бунга 2 та мисол айтишим мумкин — Катта Лангар Қуръони ва Ислом музхафи қуръонлари. Шу каби Ўзбекистон фондларида сақланаётган қўлёзма қуръонлар бизни илҳомлантириб, тадқиқот олиб боришга ундамоқда. Тадқиқотлар ичига кирганимиз сари эса улар бизни ноёблиги билан ўзига жалб қиляпти.
Зеро, мусулмон дунёси маданий мероси минг йиллар давомида тадқиқотчилар учун муҳим манбаларга эга. Айниқса, мана шу диёр ва бу диёрда яратилган илмий, маънавий мерослар, ноёб асарлар нима учун айнан шу заминда, Мовароуннаҳрда яратилганига ҳалигача бутун дунё ҳайратланиб келади.
Қўлимиздаги телефон, ҳар куни ишлатаётган замонавий технологияларимиз, ҳатто сунъий йўлдош — ҳаммасининг ортида Муҳаммад Хоразмий чеккан захматлар, кашфиётлар турибди. Шу маънода айтиш мумкинки, инсоният тарихида мусулмон цивилизациясидек цивилизация кузатилмаган”, — деди Карим Ифрак.