КУРРАИ ЗАМИННИНГ КЎҲНА МАДАНИЙ ЎЧОҒИ
КУРРАИ ЗАМИННИНГ КЎҲНА МАДАНИЙ ЎЧОҒИ
Икромиддин ОСТОНАҚУЛОВ, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими, тарих фанлари доктори
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг 2022 йил 27-29 июнь кунлари Озарбойжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган XI сессиясида “Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти 2023 йил 12 июлда “Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Амударёнинг чап соҳилида жойлашган Хива келгуси йилнинг баҳорида халқаро туризм фестивали мезбонига айланади. Қарорга кўра, 2024 йил мартда халқаро тадбир расмий равишда очилади. Май ойида эса Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси бўлиб ўтади. Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини фаол тарғиб этишга йўналтирилган гастрономик фестиваль, улуғ аллома Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро баҳодирлар ўйини ўтказилади.
Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги доирасида қатор тадбирлар ҳам режалаштирилган. Айни кунларда Хивадаги зиёрат туризми объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича хайрли ишлар жадал суръатда бормоқда. Жумладан, Ичанқалъа мажмуасидаги Жума масжиди ҳолатини ўрганиш, эксперт хулосаларини шакллантириш ва реконструкция қилиш чораларини кўриш бўйича ишлар давом этмоқда. Биби Ҳожар мажмуаси ҳудудини ободонлаштириш, сайёҳларни қабул қилиш учун шароит яратиб, улар ташрифини ташкил қилиш бўйича режалар бажарилмоқда. Хивада 20 минг китоб фондига эга янги кутубхона бунёд этиш, меҳмонхоналарни халқаро талаблар даражасига келтириш учун мутасадди ташкилотлар тўла сафарбар этилган.
Хоразм қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати, маданий қадриятлари ва урф-одатлари, миллий рақслари, адабий ва мусиқий санъати билан жаҳон сайёҳларини жалб этиб келмоқда. Хива эса Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари каби Ўзбекистоннинг халқаро маданий обрў-эътиборини жаҳонга кўз-кўз қилмоқда.
Марказий Осиёнинг кўпгина шаҳарлари қатори Хива курраи заминнинг энг кўҳна цивилизация ўчоқларидан бири бўлиб, буюк маданий тарихга эга. У бутунлигича сақланиб қолган минтақадаги ягона нодир обида шаҳардир. Асрлар оша бизгача етиб келган Ичанқалъага бугун дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюриб, аждодларимизнинг ижодий салоҳияти ва санъатидан ҳайратда қолмоқдалар.
Археологик тадқиқотларда кўрсатилишича, шаҳар камида 2700 ёшда. Бу эса Хива қўриқхона шаҳар деб эълон қилинишига, шаҳарнинг марказий қисми – Ичанқалъа эса жаҳон аҳамиятидаги тарихий ёдгорлик деб эътироф этилишига асос бўлди. Хива шаҳрида хонлик даврида бунёд этилган 64 та мадрасанинг асосийлари бизгача сақланиб қолган. Улар ичида энг йириги ва меъморий жиҳатдан гўзали Хива хони Муҳаммад Амин- хон томонидан қурилган мадрасадир.
Ичанқалъа Хоразм шевасида “ички қалъа” маъносини беради. Хиванинг ички қалъаси шаҳристони Дишанқалъа (ташқи қалъа) қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. У Хива работи – Дишанқалъадан баландда тепақўрғонга ўхшаб кўзга ташланади. Ичанқалъага Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвоза номли тўрт дарвозадан кирилган.
Ичанқалъа девори илк бор эрамиздан аввалги V–IV асрларда қурилган бўлиб, давр ўтиши билан бир неча бор таъмирланган. Деворнинг баландлиги 7-8 метр, қалинлиги пастида 8-10, юқорисида 2-3 метр, унинг устида бемалол аравада юриш имкони бўлган. Қалъа бир неча марта бузилиб тузатилгани ҳақида тарихчи Худойберди Қўшмуҳаммад ўғлининг “Дили ғаройиб” асарида баён этилган. Бу тарихий деворнинг узунлиги 2200 метр бўлиб, тўрт томонга қарата қурилган дарвозалари бор.
Дишанқалъа шаҳарнинг ташқи қисми бўлиб, деворлари узунлиги 6 километр, баландлиги 8 метр ва қалинлиги 6 метрдан иборат. Эски шаҳарга бугунги кунда ҳам мустаҳкам сақланиб келаётган тўртта дарвозадан кирса бўлади. 100 йиллар муқаддам эса бу дарвозалар сони 10 та бўлган.
Тошҳовли саройида Хива хонлари меҳмонхоналари, турар жойи, ҳарамлари бўлиб, ҳашамдорлиги, нақшинкорлиги билан ажралиб турган. Хива хонларининг бир неча саройи бугунгача ҳолати ва меъморий са- лобатини йўқотмаган. Ана шундай машҳур саройлардан бири Оллоқулихоннинг 1830- 1838 йилларда барпо этилган Тошсаройидир. Тошҳовли 80х80 метрни ташкил этади.
Кўҳна Арк — эски қалъа қадимда Хива хонлари қароргоҳи бўлган. Унинг таркибида зарбхона, расмий қабуллар саройи, девонхона, ҳарбийлар тураргоҳи ҳамда сиёсий маҳбуслар учун ҳибсхоналар бўлган. Бино Шарқ наққошлик санъатидан унумли фойдаланилган ҳолда барпо этилган бўлиб, эшик ва ромлари ёғоч ўймакорлиги билан зийнатланган.
Хиванинг яна бир иншооти – Калта минор. Бу иншоот ислом дунёсида энг баланд минора бўлиши кўзда тутилган. Унинг диаметри 14 метр. Агар бу қурилиш тўхтатилмаганида, у мисли кўрилмаган осмонўпар минорага айланган бўлар эди. Минора 26 метр тиклангандан сўнг қурилиш давом эттирилмаган. Сабаби шу кунгача аниқланмаган.
Паҳлавон Маҳмуд (1322 йили вафот этган) мақбараси шоир ва аллома, машҳур паҳлавон, ватанпарвар ва маърифатпарвар инсоннинг сўнгги манзили саналиб, зиёратгоҳга айланган. У ҳақда афсоналар ҳам тўқилган. Мақбара Ўзбекистоннинг бошқа қадимий шаҳарларида кам учрайдиган ўзига хос ферузаранг гумбаз билан қопланган. Ички томонидан чиройли ҳаворанг ярқироқ чинни лаппаклар – плиткачалар билан нақшланган.
Исломхўжа минораси сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган машҳур қадамжолардан бири. Бу иншоотни Қутлуғ Темур дея ном олган Кўҳна Урганч минораси билан ҳам таққослаш мумкин. Баландлиги 45 метр бўлгани учун Хиванинг ҳар қайси нуқтасидан кўринади. Ўз даврида ушбу минора узоқ манзиллардан келаётган карвонлар учун маёқ вазифасини ўтаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Кўҳна шаҳар кўркини жаҳонга кўз-кўз қилувчи Нуриллабой мажмуаси янада жозибадор бўлиб бормоқда. У Хиванинг сайёҳларга хизмат кўрсатиш тизими бош штаби саналади. Айтилишича, Нуриллабой мажмуаси охирги Хива хонининг яшаш ва хизмат биноси бўлиб, қадимги ва замонавий меъморлик анъаналари уйғунлигида қурилган.
XIX аср ва XX аср бошларига оид Нуриллабой саройи гўзаллиги, ҳашамдорлиги, улуғворлиги ва зийнаторолиги билан бошқа саройларни ортда қолдиради. Сарой қурилиши қизиқ тарихга эга. Муҳаммад Раҳимхон (1845-1910) ўғлига сарой қуришни истаб, Нуриллабойнинг боғини сотиб олишга қарор қилганини айтади. Нуриллабой бу савдога рози бўлади, лекин бир шарти бор, у ҳам бўлса, боғнинг номи ўзгартирилмайди, Нуриллабой боғи дейилишда давом этиши керак. Хон шартга рози бўлди. Шундай қилиб Нуриллабой номи сақланиб қолган. Муҳаммад Раҳимхон ўғли Асфандиёрхон (1871-1918) учун боғ ўрнида катта ёзги сарой қурдиради. Бу сарой Ичанқалъанинг шимоли- ғарбий қисмида жойлашган.
Бу қадамжолар Хива ва Хоразм вилоятидаги тарихий меъморий ёдгорликларнинг ҳаммаси эмас. Урганч ва Хивага чегарадош ҳудудларда ҳам элликдан зиёд қадимий ёдгорлик мажмуаси сақланиб қолган. Бу ёдгорликлар тарихига оид қўлёзма асарлар ҳануз тўла ўрганилмаган, ўз тадқиқотчиларини ку- тиб турибди.
Айни кунларда хорижий меҳмонлар учун Хива шаҳри ҳақида ўзбек, рус, инглиз, араб тилларида қўлланма тайёрланиб, чоп этишга тайёрланмоқда. Шунингдек, Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Хива шаҳрининг туризм ва маданий мерос объектлари, ислом дунёси ва илм-фан ривожидаги ўрни, тарихи, маданияти, аҳолисининг яшаш тарзини акс эттирувчи фото ва видеоматериаллар тайёрлаш бўйича белгиланган ишлар авжида.
“Хивага марҳабо” қўлланмаси яратилиб, интернетга жойлаштирилмоқда. Халқаро тадбирга тўёна сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази зиёрат туризми илмий тадқиқот бўлими ҳамда Урганч давлат университети филология факультети мутахассислари томонидан “Хива васфи назмда” (расмли) шеърий тўпламини тайёрлаш устида қизғин иш олиб борилмоқда.
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2023 йил 3 октябрь, 202 сон