Ислом цивилизацияси маркази италян ойналари ва биллур буюмлари билан безатилади
Ислом цивилизацияси – бу ислом динини қабул қилган халқларнинг моддий ва маънавий маданияти соҳасида инсоният жамиятининг ривожланишида эришилган ютуқлар мажмуидир.
Ўзбек ва Марказий Осиёнинг бошқа халқларининг буюк аждодлари бетакрор асарлари ва ютуқлари билан ислом фалсафаси, маданияти, илми ва таълимининг шаклланиши ва ривожланишида, мусулмон цивилизациясининг асосларини яратишда бутун инсоният тарихига бебаҳо ҳисса қўшган.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда нафақат мамлакатимиз, балки бутун мусулмон дунёси учун катта маданий ва маърифий аҳамиятга эга ноёб бино барпо этиш мақсадида Ислом цивилизацияси маркази қурилиши бошлаб юборилган.
Ушбу марказ ўзбек халқининг буюк илмий ва маданий меросини ўрганиш билан бир қаторда, уни келажак авлодлар учун асраб-авайлайди, муаммоли асримизда энг муҳим вазифа бўлган исломнинг асл- тинчликни севувчи, инсонпарвар, ижодий моҳиятини тарғиб қилади.
ИЦМ тузилмасига музей ва кўргазма заллари, кутубхона ва архив, компьютер ва ахборот технологиялари хоналари, қўлёзмалар, хаттотлик бўлимлари, исломий меросни сақлаш, тадқиқотлар ва ишланмалар, халқаро ҳамкорлик ва чет тилларни ўрганиш бўлими, қўлёзмаларни тиклаш лабораторияси киради.
Марказ дунёда энг катта қадимий қўлёзмалар, литографик китоблар, тарихий ҳужжатлар, Ўзбекистонда ва чет элларда сақланадиган дин ва таълимга оид нашрлар, шунингдек, 100 мингдан ошиқ китоб ва қўлёзмани жамлаган кутубхонага эга бўлади.
Марказни яратиш жараёнида илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси ушбу соҳага кенг билим, амалий тажриба ва техник имкониятларга эга етакчи Италия компанияларини лойиҳада иштирок этишга жалб қилиш бўйича иш олиб борди.
Хусусан, Италия ва Европанинг “iDogi” (венеция шиша ва биллурларидан йирик маҳсулотларни ишлаб чиқариш), "Margraf" (табиий мармар ишлаб чиқариш ва ўрнатиш), "Lasvit" (шиша ва ёритиш буюмлари), GTArchitects (архитектура ва интерьер дизайни) ва Novello Giardini (ландшафт дизайни) каби компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Уларнинг вакиллари бир неча маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрган ва дунёда ўхшаши бўлмаган ИЦМ комплексини яратишга қаратилган эксклюзив таклифларни тақдим этишган.
Карантин чекловларини инобатга олган ҳолда ва ушбу лойиҳа бўйича мулоқотни давом эттириш учун мамлакатимизнинг Римдаги дипломатик ваколатхонаси Иатлиянинг “iDogi” компанияси билан Ўзбекистон қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар маъмурияти, ИЦМ дирекцияси ва "Trest 12" қурилиш компанияси раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида видеоконференция ўтказилди.
Конференция давомида “iDogi” бош директори Доменико Каминити ва махсус лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича менежер Сильвия Форментин компаниянинг батафсил тақдимотини тайёр маҳсулотларнинг энг яхши намуналари галереясида виртуал ташриф буюриш билан бир қаторда компаниянинг ИЦМ бўйича таклифларини тақдим этдилар.
“IDogi” 1968 йилда Венеция (Италия) шаҳрида ташкил этилган. У бадиий қандиллар, фавворалар, балустрадлар, қўлда ишланган Мурано(Венеция) ойнасидан стол ва стуллар, шунингдек, қадимий анъаналарга мувофиқ, биллур ишлаб чиқаради.
Суюқ ойнага солинган ва ярим қимматбаҳо тошлар билан қопланган олтин баргли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ноёб усулларидан фойдаланади. Компания АҚШ, Буюк Британия, Қувайт, БАА, Қатар, КСА ва Россияни ўз ичига олган дунёдаги кўплаб таниқли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
"iDogi" асл Усмон Қуръонини, шунингдек, марказий заллардаги авизоларни жойлаштириш учун ИЦМ да биллур павильон яратишни таклиф қилмоқда. Павильон ва авизалар эксклюзив дизайни бўйича худди шу услубда биллурдан, шарқона нақшли венеция ойнасидан, малахит ва лапис лазули билан безатилади.
“iDogi” раҳбари Д. Каминити 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистонга келган. Унинг сўзларига кўра, Венеция ва Ўзбекистон узоқ тарихий алоқаларга эга. Каминити таъкидлаганидек, XIII асрда таниқли венециялик савдогар ва сайёҳ Марк Поло ўзининг “Дунёнинг ранг-баранглиги тўғрисида” номли китобида ўзбек шаҳарлари ва одамлари ҳақидаги таассуротларини баён этган.
Марк Поло ва бошқа венециялик савдогарларнинг юклари Буюк Ипак йўли бўйлаб ташилган. “Биз ўзбек халқининг маданий меросига катта ҳурмат билан қараймиз. Бу бизни улуғвор тарихий лойиҳада иштирок этишга руҳлантирди”, деди Д. Каминити.
Ўз навбатида ИЦМ дирекцияси вакиллари "iDogi" дизайнерлари ва меъморларида катта таассурот қолдирган Марказнинг тузилиши ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тақдимот қилдилар.
Конференцияда иштирок этган Халқаро алоқаларни ривожлантириш институтининг илмий маслаҳатчиси, академик Турсунали Қўзиев шундай деди: “Ўзбекистон ислом дини дунёсида шон-шараф келтирган кўплаб олимлар ва диншуносларнинг ватани ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш миллий ғоясини асосоли равишда илгари сурди. Марказ ўзининг улуғворлиги, гўзаллиги ва мазмуни билан ўзбек халқи ва бутун ислом оламининг фахрига айланади. Шуниси ишонарлики, Италиянинг етакчи компаниялари кўп асрлик маданий анъаналарни сақлаб қолиш ва уларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришда етакчи бўлган лойиҳада иштирок этишга зўр қизиқиш билдирмоқда.”
Онлайн учрашув иштирокчилари Тошкентда барпо этилаётган ИЦМ учун “iDogi” маҳсулотларининг бадиий услуби, ранглари ва параметрларини биргаликда кўриб чиқиш ва келишиш учун маълумот ва материаллар алмашишни келишиб олдилар. Ўзбекистон ва Италияда карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг республикага жалб қилинган ташкилотлар ва италия компанияси вакиллари делегацияларининг ташрифлари алмашинуви бўлиб ўтади.