ИМОМ БУХОРИЙ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ
ИМОМ БУХОРИЙ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ
Манбаларда қайд этилишича, Темурийлар даври ҳақиқатан ҳам илм-фан, маданият ва маорифнинг беҳад равнақ топишини таъминлаган Шарқ Уйғониш даври эди. Тадқиқотчилар томонидан бу давр табиий ва ижтимоий фанлар, тасвирий санъатнинг гуркираб ривожланганлиги билан алоҳида тавсифланади. Қулай шарт-шароит ва кенг имкониятлар мавжудлиги сабабли тарих, мантиқ, фалсафа, фиқх, тафсир, ҳикмат, адабиётшунослик, тилшунослик фанлари соҳасида ўз даврининг буюк мутафаккирлари камол топди. Алишер Навоий ҳам ўз даврининг, ўша ижтимоий-иқтисодий, сиёсий замин ва муносабатларнинг маҳсулидир. Бу ўринда академик М.Хайруллаевнинг “Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий бу маданий кўтаринкилик чўққиларидир”[1], деган эътирофини эслаш мақсадга мувофиқ.
Алишер Навоий миллий маънавиятимиз даҳоси сифатида “Насойим ул-муҳаббат”, “Мажолис ун-нафоис” каби тазкираларида, “Хамса”, “Лисон ут-тайр” достонлари сюжетида ҳамда “Маҳбуб ул-қулуб”нинг “Танбеҳ” (жами 125 та) қисмида илк Уйғониш даври маданияти ва темурийлар Ренессанси мутафаккирларининг номларини алоҳида фиқра, зикр, боб, фаслларда юксак ҳурмат, фахр билан тилга олган, қимматли тарихий маълумотлар берган, поэтик лавҳалар, чизгилар ижод қилган, уларнинг асарларидан илмий, назарий ва ижодий мақсадларда баҳра олганлигини эҳтиром билан қайд этган. Мазкур қимматли маълумот ва қайдлар Учинчи Ренессанс пойдеворига асос бўла оладиган муҳим манба ҳисобланади. Улуғ шоир томонидан чексиз ҳурмат билан зикр этилган темурийлар Ренессанси асосчиси Амир Темур ва шу Ренессанс даври мутафаккири, тарихчи олим, шайх Шарафиддин Али Яздийлар ҳақидаги барча тарихий, илмий, бадиий лавҳалар китоб муаллифи томонидан ўрганилган.[2] Илк Уйғониш даври маданияти мутафаккирларидан бири, “Саҳиҳ” йўналишининг асосчиси, ислом оламидаги энг етук ва машҳур муҳаддис, фақиҳ, улуғ ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810–870)дир. Имом Бухорий нафақат ўзбек халқининг, балки бутун мусулмон оламининг ҳам фахри ҳисобланган. Илк Уйғониш даврида ҳадис илмида буюк юксалиш бўлган. “Кутуби ситта” – олти энг машҳур китоби бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб камол топдилар. Имом Бухорий ўз даври илмларини, айниқса, диний илмларни ҳар томонлама ўрганган. Имом Бухорий ўн ёшгача Қуръони Каримни ёд олиб, минглаб ҳадисларни барча далили билан хотираларида сақлаб юрган. Илмларини чуқурлаштириш ниятида юртма-юрт кезган. Ҳижози Шарифда қирқ йилдан ошиқ яшаб, Шош, Басра, Кўфа, Бағдод, Ҳирот, Нишопур, Машҳад, Рай, Жиболу, Хуросон, Қоҳира, Фарабр, Макка ва Мадина каби бир қанча шаҳарларда бўлиб, у ердаги аллома шайхлардан, олимлардан, таниқли муҳаддислардан ҳадис ёзиб олган, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-адаб ал-муфрад” каби машҳур ҳадис китобларини ёзиб тамомлаган. Бу ҳақда ўзлари: «Мен бир минг саксон нафар уламодан ҳадис эшитдим. Уларнинг ҳаммалари “Имон – сўз ва амалдан иборатдир”, деган эътиқоддаги кишилар эдилар»[3], деб ёзади. Қувваи ҳофиза ва хотираларининг ақл бовар қилмас даражада кучлилиги жиҳатидан у кишига ўз даврида ҳеч ким тенг келолмаган. 600 минг ҳадисни ёддан билган. Ана шу жиҳатдан Имом Бухорийни, Оллоҳнинг ердаги мўъжизаларидан бири, деб атаганлар. Айни замонда ўзлари ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган. “Сунан” йўналишининг асосчиси, машҳур муҳаддис Имом Термизийнинг ҳам устозидир. Имом Бухорий “Амирул мўминин” (Ҳадис илмида мўминларнинг амири), “Шайх ул-ислом2 (Мусулмонлар устози), “Имом уд-дунё” (Дунёдаги барча мўмин ва мусулмонлар имоми) деган шарафли номга сазовор бўлган алломадир. Энг буюк сайёҳ дея эътироф этилган араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг машҳур “Саёҳатнома” асарининг икки ўрнида Имом Бухорий ва “Саҳиҳи Бухорий” китоби ҳақида ғоят қимматли тарихий маълумотларни ёзиб қолдирган. Яъни, биринчи маълумот Бухоро шаҳри тўғрисидаги “...Бухоро шаҳрига етиб келдик. Бухоро – муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ватанидир”,[4] деган қисқа хабаридир. Иккинчи маълумот биринчи маълумотга нисбатан тўлиқроқ бўлса ҳам, Самарқанд шаҳри ўрнига Бухоро шаҳри деб шаҳар номлари Ибн Батута томонидан хато берилган, аммо муҳими бу эмас, муҳим жиҳати буюк сайёҳнинг “Бухорода[5] “Ас-саҳиҳ”ни тузган аллома имом, мусулмонлар шайхи Абу Абдуллоҳ ал-Бухорий қабрини зиёрат қилдим. Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Ал-Бухорий қабрига қуйидаги ёзув битилган: ”Бу фалон-фалон китобларнинг муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг қабридир”[6], деб ёзган тарихий битигидир.
Кўплаб ишончли манба ва луғатларда ҳадис ва муҳаддис атамаларига қуйидагича таъриф берилади: “Ҳадис[7] – сўзлашув ва хабар бериш маъносида келган нақл (баён ва ифода)нинг номидир. Кейин эса пайғамбар Муҳаммад с.а.в.нинг сўзлари ёки феъллари ёхуд бирор масаладаги тўхтамлари ҳадис дейилган. Ҳадислар икки қисмдан – санад ва матндан ташкил топади. Ҳадис илми билан шуғулланган зотлар муҳаддис номи билан аталганлар. Муҳаддис – ҳадисларнинг санадларини, иллатларини, ровийларнинг аҳволини билган, имкони борича ҳадис ёдлаган, “Кутуби ситта» (олти машҳур ҳадис китоби)ни, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ини, Байҳақийнинг “Сунан”ини, Табаронийнинг “Мўъжам”ини тинглаган (сабоқ олган) ва буларга ҳадис жузъларидан минг жузъгача қўша олган кишидир”.[8] Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Шайх Абу Бакр б. Язданёр Урмавий қ.с. тилдан муҳаддисларнинг бутун хайрли фаолиятини очиб берувчи “Муҳаддислар – суннат қўриқчиларидир”[9] деган ҳикматни келтирса, “Арбаъин”нинг “Сабаби таълифи манзума” фаслида бу дунёда ким ҳадисларга итоат этиб, бўйсуниб, амал қилиб яшаса, эртанги кун, яъни у дунёда унга муҳаддислар воситачи, ҳимоячи бўлади, деган пурҳикмат фикрларни шундай бадиий талқин қилган:
Бу кун ўлса ҳадисларга мутеъ,
Тонгла бўлғай муҳаддис анга шафеъ.[10]
Алишер Навоий Имом Бухорийнинг шарафли исми ва шоҳ асари «Саҳиҳи Бухорий» номи билан машҳур бўлган «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китобининг номини “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида берилган Абулвалид Аҳмад б. Аби Ражо[11] ва Абу Али Шаббуйи Марвазий ҳақидаги фиқраларда илова характерида тилга олган. Чунончи Абу Ражо борасидаги фиқрани ўқиймиз: “Озодон қарясидиндурки, Ҳиротга муттасилдур. Улуми зоҳирий ва ботиний била олим эрди.
Имом Аҳмад Ҳанбал р.а. шогирдидур. Ва Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида андин ҳадис ривоят қилибдур. Авоилда кўп моли бор эмиш. Барчасин ҳадис талабида ва ҳаж ва ғазода сарф қилибдур...” (228). Алишер Навоийнинг тазкирада Имом Бухорий тўғрисидаги қисқа ва аниқ маълумоти бу – «Ва Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида андин ҳадис ривоят қилибдур”, деган мўътабар шарҳидир.
Иккинчи маълумот Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўпламини ёддан билган Пир Шаббуйи хусусидадир. Яъни Абу Али Шаббуйи Марвазий ( т. й. ва в. номаълум, унинг Марвазий лақаби эса Марв ноҳиясиданлигидан далолат беради ) – Навоий “Насойим ул муҳаббат” тазкирасида “Абу Али Шаббуйи Марвазий” сарлавҳаси билан алоҳида фиқрада тилган олган, 770 нафар шайхлардан бири, муҳаддис, донишманд олим. Навоийнинг тазкирада ёзишича, унинг асл исми Муҳаммад б. Муҳаммад б. Умар Шаббуйи бўлиб, Марв ноҳиясининг энг донишманди ва беназир кишиси бўлган. Ва халқ орасида унинг пир Шаббуйи номи билан ҳам тилга олингани ёки “Аюхаш-шайх” деб мурожаат қилинганини айтган. Пир Шаббуйи Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўпламини ёддан билган. Навоий фиқрада Абу Али Шаббуйи Марвазий билан боғлиқ маълумотларни очиқлашда Шайх Абулаббос Сайёрий, Шайх Абу Саид Абулхайр, устод Абу Али Даққоқларнинг номини ҳам зикр қилган. Навоий яна китобда пир Шаббуйининг “Худованд таолоға ҳеч йўл ниёздин яқинроқ йўқдур”, “Агар чора тошқа тушса, ондин чашмалиғ сув очар”, “Ҳар кимки, ошиқ эрмас онга бўлмагин қарин (яқин).” каби ҳикматларини келтирган
Кўринадики, тазкирада Имом Бухорий ҳақида алоҳида фиқра берилмаган. Аммо бу изоҳ ҳам бизга, биринчидан, ўз даври илмларини, хусусан, фиқҳни, ислом ҳуқуқининг Қуръон ва ҳадис каби асосларини ҳар томонлама ўрганган Алишер Навоийнинг улуғ муҳаддиснинг ҳаёти ва фаолиятини, йигирмадан ортиқ асарларидан иборат ниҳоятда бой ва қимматли илмий меросини яхши билганидан, иккинчидан эса Абулвалид Аҳмад б. Аби Ражонинг ҳадис илми талабида қўлидаги давлатининг ярмини сарф қилганидан ва Абу Али Шаббуйи Марвазийнинг Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўпламини ёддан билганидан ўқувчини хабардор қилади.
Алишер Навоийнинг бу маълумотларига ҳамоҳанг қисқа ва аниқ маълумотни Бобур “Бобурнома” асарининг Самарқанд тасвирида ёзган: «Яна соҳиби “Саҳиҳи Бухорий” Хожа Исмоил Хартанак ҳам Мовароуннаҳрдиндур...”[12] деб битган. Аммо Бобур “Саҳиҳи Бухорий”га нисбатан “Ҳидоя”ни яхши билган, ўзлаштирган шекилли, қиёсий характерда фиқҳ фанида мўътабар китоб деб “Ҳидоя”ни таъкидлаб кўрсатади: “...яна соҳиби “Ҳидоя”ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин мўътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғай, Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидиндур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдур”.[13] Бобур мазкур маълумотида ўзига хос тарзда Имом Бахорий вафот этган ва дафн этилган Самарқанд шаҳри яқинидаги Хартанак қишлоғининг номини ҳам кўрсатган. Кўринадики, Алишер Навоий ва Бобур Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” шоҳ асарини илмий услубда, илмий тилда эмас, балки халқ ўртасида “Саҳиҳ”, “Саҳиҳи Бухорий” номи билан машҳур бўлган халқона номда ёдга олган.
Маълумки, Қуръон ва ҳадис фиқҳнинг асосий асосларидандир ва шаръий далил, яъни рамзий маънода икки ишончли гувоҳ ҳамдир. Чунончи, «Насойим ул-муҳаббат»нинг шайх Абу Сулаймон Дороний қ. с. зикрида шайх тилида худди шундай рамзий гувоҳ маъносида қўлланган: “Ва ҳам Абу Сулаймон дебдурки, кўпинча ҳақиқат (кашфу асрор) қалбимда қирқ кунлаб улоқиб юради. Уларни фақат икки гувоҳ: оят ва ҳадис асосидагина қалбимдан жой олишга рухсат бераман” (37).
Ҳадисдаги амалий ҳукмлардан бўлмиш муомалага тааллуқли ҳукм, яъни инсоннинг бошқалар билан бўладиган олди-сотдиси ҳақидаги кузатишларимиз Алишер Навоий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобида берилган “Оллоҳ байъни ҳалол қилган”[14] деган ҳадис мазмунини ўз ғазалларидан бирида далил сифатида ифодалагани, ўзи ҳам катта сармоядор сифатида тижорат ишларида мазкур ҳадисга амал қилиб иш юритганини кўрсатади. Фикримизнинг исботи учун шоир ғазалларидан бирида маҳорат билан қўллаган аҳли байъ – аҳл (эга, соҳиб, тегишли) ва байъ (савдо, сотиш, олди-сотди, савдолашиш) сўзларидан ясалган ва даллол маъносини билдирган изофали бирикмага эътибор қилсак. Мазкур ҳадис халқ ҳаётига ниҳоятда чуқур сингиб кетган ва одат тусига кирган. Халқ орасида қадимдан ҳозиргача мавжуд бўлган одатлардан бири бўлмиш – олди-сотди жараёнида аҳли байъ – даллол томонидан сотувчи билан харидор қўлини бир-бирига тутқазиб, уч марта “бор-барака” деб, савдодаги ўзаро оғзаки шартномани амалга ошириш ва савдо устида олдиндан берилган тангаи байъона ёки байъбоши, байъ пулини ҳам олишдир. “Саҳиҳи Бухорий”да жамланган ҳадисларни ҳамда халқнинг бундай урф-одатларини яхши билган Алишер Навоий юқорида зикр қилган ҳадис мазмунини ва мазкур одатни “Чун илик бермаски, ўпсам ул ситамкор илгини” деб бошланувчи 7 байтли “илгини” радифли ғазалида маҳорат билан қўллаган ва лирик кечинмаларига ишончли, ҳаётий далил сифатида келтирган. Бу далиллашни навоийшунос Ё.Исҳоқов назм ва насрда ўз матлабининг исботи учун латофат билан далил келтиришдан иборат бўлган мазҳаби каломий[15] номли,китоб муаллифи эса тамсил каби маънавий санъат доирасида ҳам таҳлил қилган. Чунончи:
Жон сотармен хоки пойингга, нединким, аҳли байъ
Туттурурлар сотқучи бирла харидор илгини.[16]
Алишер Навоий ўзининг «Қирқ сўз борча шубҳадин солим» деб яратган “Арбаъин” асарида ҳам Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби ҳадис китобларидан таъсирланганини, ҳадислардан маҳорат билан фойдаланган нуқталарини билишимиз мумкин. Ҳатто мазкур асарида ҳадис, саҳиҳ ҳадисга шеърий усулда илмий таъриф ҳам берган:
Ҳамд ангаким, каломи хайрмаол,
Қилди элга Расулидин ирсол.
Ул Расулеки, ҳам каломи фасиҳ,
Элга тегурди, ҳам ҳадиси саҳиҳ (201).
Алишер Навоий тазкирада жаҳондаги олти нафар энг машҳур муҳаддислардан “Cаҳиҳ” йўналиши асосчиси Имом Бухорийдан ташқари яна кўплаб муҳаддисларни ва уларнинг ҳадис илмига қўшган хизматларини у ёки бу даражада ёдга олган. Масалан, Доримий Самарқандийни шайх Муҳаммад б. Мансур Тусий қ.с. зикрида тилга олган: “Ул Бағдодда эрмиш, сўфий ва муҳаддис Усмон б. Сайид Доримийнинг... устоди эрмиш2 (53). Ёки “Али бинни Бундор б. Ҳусайн Сўфий Сайрафий қ.с. бешинчи табақадиндур. Кунияти Абулҳусайн. Нишопурнинг мутааххир машойиҳидиндур... ва ҳадисда сиқа (ишончли – Б.Р.) эрмиш” (83). “Абулаббос Сайёрий қ.т. бешинчи табақадиндур. Оти Қосим Ибн Қосим Маҳдийдур. Марв аҳлидиндур. Шайх Абу бакр Воситийнинг шогирдидур. Олим ва фақиҳ ва муҳаддис эрмиш” (101). “Абу Бакр Заққоқи Сағир қ.с. Шайх ул-ислом дебдурки, ул бағдодлиғдур, Заққоқи Кабирнинг шогирдидур. Ул ҳадисқа машҳур эрди, сўнгра бу тоифа тариқиға кирди” (124). Шайх Абу Бакр Каттоний қ.т.с. зикрида ҳам “Яманда Сафо масжидида халқ Абдураззоқ қошида ҳадис ўқурлар эрди” (125) каби маълумотлар талайгина. Ҳаким Термизийни алоҳида фиқрада ёдга олган (84-85).
Кузатишлардан маълум бўладики, биринчидан, Алишер Навоий ҳадис илми ва машҳур муҳаддислар тартиб берган ҳадис тўпламларидан яхши хабардор бўлган ўзининг бадиий мақсади ифодаси ва фикрлари тасдиғи учун асарларида ҳадислардан кўп фойдаланган. Бу борада у ҳадисларни гоҳ тўлиқ берса, гоҳ бир қисмини келтиради, гоҳ эса мазмунига ишора қилиб кетади. Бинобарин, шоирнинг ўз ижодида ҳадисларга мурожаат қилиш усуллари ҳам алоҳида тадқиқот мавзуи бўла олади.
Иккинчидан, Биринчи Ренессанснинг буюк вакили муҳаддис Имом Бухорий ва Иккинчи Ренессансининг улуғ мутафаккири Навоийнинг бой ижодий мероси Учиничи Ренессанс учун асос бўла оладиган ноёб манбалардан саналади.
Буробия Ражабова
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти етакчи илмий ходими,
филология фанлари номзоди