ИЖОДГА ТАШНАЛИК


     Пойтахтимизда шундай даргоҳлар борки, ташқаридан қараганда ортиқча ҳаракат, ғала-ғовур сезилмайди. Аммо, тоғларни ўрнидан қўзғатадиган даражада фаолият олиб борилади. Ва бундай фаолият «ўт ўчирувчилик» услубидаги иш ҳисобига эмас, аниқ мақсад сари интилиш, аниқ режа асосида ишлаш, оқилона меҳнат ҳамда вазифа тақсимоти ҳисобига амалга оширилади.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ушбу олий ва масъул лавозимнинг дастлабки босқичиданоқ маданий мерос, уни асраб-авайлаш, ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш соҳаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Зеро, юртимиз қатор қадимги цивилизациялар, жумладан Ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатида ном қозонган, бу номни оқлаган ва бу номга муносиб эканини исбот этиб келмоқда.

      Халқимизнинг маданий мероси аждодлар ва авлодларни боғлаб турувчи риштадир. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти турли сабабларга кўра, дунё мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетган буюк аждодларимизнинг илмий асарлари, ҳунарманд боболаримизнинг даҳолари билан яратилган бетакрор осори атиқалар, адраслар-у атласлар, гиламлар-у сўзаналарни ўрганиш, жамлаш, юртимизга қайтариш каби олижаноб вазифаларни шараф билан адо этиб келаётган илмий даргоҳдир.

    Жамиятнинг муҳим ва олижаноб фаолиятида соҳа билан шуғулланадиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, музейлар ва илмий марказлар, етакчи олимлар ҳамкорлик қилиб келишяпти.

      XII асрда Европа инквизицияга асос солиб, ҳар қандай, жумладан фандаги ҳур фикрни кишанловчи восита яратган бир пайтда мусулмон олимлари оламшумул кашфиётлар қилиб, “Исломнинг олтин даври”, “Биринчи Шарқ ренессанси”, “Темурийлар даври ренессанси” тарихий босқичларини белгилаб беришди. Халқимизнинг Бухорий, Термизий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби буюк боболари шулар жумласига киради.

    Ўтган 7 йил мобайнида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 7 марта жамиятнинг жаҳон конгрессини ўтказди ва ҳар бир конгресс жараёнида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш бўйича янги ва янги лойиҳаларни тақдим этди. Бу лойиҳалар орасида “Меърожнома”, “Зафарнома”, “Катта Лангар Қуръони”, “114 Қуръон қўлёзмаси” айниқса кишини ҳаяжонга солиб қўймайди. Нафақат нусха кўчириш, ўзини кўриш мушкул бўлган қўлёзмалар факсимил нусхалари тайёрланди  ва Ўзбекистонда нашр қилиниб, кутубхоналар, ўқув юртлари, илмий муассасаларга тарқатилди.

      Эндиликда айримлари марҳум, айримлари табаррук ёшни қарши олган машҳур устозлар Э. Ртвеладзе, Б. Аҳмедов, А. Аҳмедов, Д. Юсупова каби илм-фан дарғалари билан бир қаторда Ш. Ғаниева, Р. Жабборов, Э. Гюль ва бошқа ёш, иқтидорли тадқиқотчиларнинг фидокорона, кўринмас, шов-шув қилинмас меҳнатлари ўлароқ, жуда катта лойиҳалар амалга оширилмоқда ва режалаштирилмоқда.

       Август ойининг охирига режалаштирилган Жамиятнинг саккизинчи Конгрессини тайёрлаш ҳам ана шу мўъжаз, камтар, ижодий иштиёқ қамраб олган жамоанинг зиммасида. Ва албатта бу ишларга бош-қош, давлат раҳбарининг соҳадаги сиёсатини амалга оширишда жонкуяр, “ишлайдиган ва ишлатадиган” раҳбар Ф. Абдуҳолиқовнинг Бутунжаҳон жамияти эришаётган натижаларда ўрни ҳам, ҳиссаси ҳам катта эканини эътироф этиш керак.

    Олдига қўйилган вазифалар ва мақсадлар бўйича Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти  бир мақсад сари интиляпти. Негаки, бўлажак, саккизинчи конгресс Ислом цивилизацияси маркази, унинг таркибидаги музей экспозицияси ва кутубхона фаолиятини энг замонавий талаблар асосида ташкил қилиш масалаларини халқаро кўламда муҳокама қилади ҳамда тавсиялар ишлаб чиқади.

     Бутун жаҳон жамияти йўлакларидан одимлайман. Ойнаванд девор-тўсиқлар ортида жимлик, айни пайтда фаолият қайнаяпти. Бу ерда тарих саҳифаларга тушириляпти.

 

Шоазим Миноваров,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

бўлим бошлиғи