Ҳаёт давом этмоқда.


   Ҳаёт давом этмоқда. Набиралари ва фарзандлари билан телевизор олдида машғулотлар ўтаётган ота-оналарни кўриб хаёлимга ана шу фикр келди. Ҳа, ҳаёт давом этмоқда, давом этади ҳам. Давлат Раҳбаримиз бошчилигида қабул қилинган барча режалар ўз йўналишида амалга ошмоқда. Аввал хабар қилганимиздек Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда Ҳазрати Соҳибқирон Амир Темурнинг "Тузуклар" асарини нашрга тайёрлаган эди.

  Куни кеча ушбу буюк асар, буюк аждодларимизнинг бебаҳо ижодий мероси намунаси 2000 нусхадан нашрдан чиқарилди. Ислом цивилизацияси маркази ушбу нашри билан аждодларимизнинг илмий-маданий ва маърифий меросини ҳозирги замон ўзбек тилисида, амалга оширилган тарихий таржималар матни ва қўлёзма ёки тошбосма матннинг факсимиле нусхаси билан чоп этиш анъанасини бошламоқда. Ҳа, ушбу нашр ўзбек, рус, инглиз, француз тилидаги матнлар ва уларга асос бўлган, ҳозирги кунда Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган форсча қўлёзманинг факсимиле нусхаси билан бирга амалга оширилди.
   Режамизга Х.Колумб янги ерларни очишда фойдаланган ва ҳошияларига Фарғоний, Ибн Сино деб белгилар қўйилган Имаго Мунди (Дунё қиёфаси) асарининг ўзбек тилига таржимасини асл нусха - лотин тили матни билан нашр қилиш киритилган.
   Фурсатдан фойдаланиб асарни чоп этишда яқиндан ёрдам кўрсатган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекциясига миннатдорчилик билдирамиз.Ҳамма дўстларимиз, узоқ-яқин танишларимизни уйда ўтиришга, сабрга чақириб қоламиз. Ҳаммаси ўтиб кетади, бу синовдан ҳам шараф билан чиқамиз, иншааллоҳ.