Ҳадис илми мактабида тақдимот ва маърифат дарси


   Жорий йилнинг 12 октябрь куни Самарқанд вилояти Пойариқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси ва қарори билан ташкил этилган Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовнинг “Тафсири Ирфон” асари тақдимоти ўтказилди.


    Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Ҳадис илми мактаби директори О.Юсупов, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва талабалари ииштирок этдилар.
   Сўзга чиққанлар Қуръони Каримга муфтий У.Алимов томонидан ёзилган янги шарҳ табаррук манбаъ маъноларини аҳолининг кенг қатламларига содда, оммабоп тарзда етказилишига имкон яратишини, бу эса муқаддас ислом динининг асл тинчлик ва эзгуликка даъват моҳиятини англашда қўл келишини таъкидладилар. Тадбир ниҳоясида Ҳадис илми мактаби кутубхонасига “Тафсири Ирфон” асарининг жамламалари ҳадя қилинди.


    Шу куни Ҳадис илми мактаби талабалари учун турли соҳалар мутасаддилари, олимлар ва етакчи устозлар томонидан машғулотлар ўтказиш анъанаси давом эттирилиб, Мовроуннаҳрлик алломаларнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси мавзусида маъруза ва давра суҳбати ўтказилди.
    Ислом цивилизацияси маркази раҳбари талабаларга марказнинг яратилиши тарихи, Давлат Раҳбари томонидан марказ олдига қўйилган вазифалар ва мақсадлар, марказ концепцияси, лойиҳаси, лойиҳанинг амалга оширилиши жараёни тўғрисида батафсил маълумотлар берди. Суҳбат жараёнида Ўрта Осиёлик олимлар, жумладан Аҳмад Фарғоний ва Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг жаҳон илм-фанига қўшган бебаҳо ҳиссалари тўғрисида гапирилиб, улар ёзган асарлар шарҳланди. Талабаларнинг саволларига асосли жавоб берилди.

Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.