Фуқаролик масъулияти - юксак бурч ва мажбурият
Дунё бўйлаб давом этаётган ўта юқумли касаллик – тождорвирус(короновирус) бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу албатта, табиий. Чунки, биз ана шу дунё ҳамжамиятининг фаол аъзосимиз. Дунё билан ўзаро иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳамкорлик ўрнатиш, айниқса, қўшни давлатлар билан мунтазам алоқаларнинг йўлга қўйилиши ҳозирги даврнинг муҳим талабларидан биридир. Шунга мувофиқ Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда ташқи ҳамкорлик йўналишида муҳим ислоҳотларни амалга ошириб, барча яқин ва узоқ хориж давлатлари билан турли соҳаларда кооперацияни ривожлантирди. Юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида бир қанча давлатлар фуқаролари учун визалар бекор қилинди, туризм инфраструктурасини ривожлантириш ва бу соҳага хориж сармоядорларини жалб қилиш бўйича қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Албатта, бу қилинган ишлар ўз самарасини берди. Республикамизга ташриф буюраётган сайёҳлар ва сармоядорлар сони ошиб, иқтисодиётимиз ривожига сезиларли таъсир кўрсатди. Юртдошларимиз ҳам хориж давлатларига иш юзасидан ёки саёҳат мақсадида эмин-эркин чиқиб келиш имконига эга бўлдилар.
Ҳозирда Ўзбекистонда дунё бўйлаб тарқаб бораётган машъум касалликка қарши давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қаттиқ чоралар кўрилмоқда ва бу чоралар самараси ўлароқ фуқароларимиз барча жиҳатдан ҳимояланган, кафолатланган тиббий, ижтимоий ҳамда моддий ёрдамлар билан таъминланмоқда.
Биз ана шу ғамхурликка ўз фуқаролик мавқеимиздан келиб чиқиб, интизомимиз, масъулиятимиз ва фидоийлигимиз билан фаол жавоб қайтаришимиз лозим. Оиламизда, маҳалламизда ва ишхоналаримизда янада масъул бўлиб, талаб қилинган барча қоидаларга сўзсиз риоя қилишга ҳаракат қилайлик. Халқимиз билан жипс бўлайлик, шундагина биз ҳар қандай мусибатларни албатта енгамиз. Шу ўринда юртдошларимизга мазкур мавзу бўйича озгина маълумот беришни лозим топдик.
Юқумли касалликлар инсониятга қадим замонлардан бери маълум. Кўпгина юқумли хасталиклар қадимда ғоят кенг тарқалган, оғир кечган ва минглаб одамларнинг умрига завол бўлган. Ўша даврдаёқ етук олимлар вабо, чин чечак, ўлат каби кўп учрайдиган касалликлар юқумли эканини таъкидлаб, уларнинг тирик қўзғатувчилари бўлиши мумкинлигини гумон қилганлар. Буқрот уларни «миазма» лар деб атаган. Хатто касалликдан сақланишнинг оддий эҳтиёт чоралари ишлаб чиқилган. Табобат илмининг бобокалони Абу Али Ибн Сино (980-1037) Ўзининг «Тиб қонунлари» китобида «Касалликлардан баъзилари юқумли бўлади» деб кўрсатади. «Булар,- деб ёзади у, - мохов, қўтир, чечак, вабо иситмаси, йиринглаган яралар каби хасталиклардир». Ундан беш аср кейингина италиялик шифокор Д. Фракостро (1483- 1553) «Контагиялар ва контагиоз касалликлар» деб номланган китобида юқумли касаллик қўзғатувчиларини тирик мавжудотлар «контагиялар» деб атаган. Ўша даврдаги фан ва техника тараққиёти алохида юқумли касалликнинг қўзғатувчисини аниқ топиш имконини бермаган. Шу боисдан яна бир неча асргача бу касалликларни «тирик мавжудотлар қўзғатади», деган фикр мавҳум бўлиб қолаверган. ХVII асрда голанд табиатшуноси Антоний ван Левенгук микроскопни кашф этиши микроблар дунёсини ўрганишда оламшумул аҳамиятга эга бўлди. Ана шу кашфиётдан кейин ҳам айрим микроблар маълум юқумли касаллик қўзғатувчиси (патоген) экани исботлагунча икки аср муддат ўтди. ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб патоген микробларнингг у ёки бу юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабабчи эканлиги исботлана бошланди. 1875 йилда амебиаз касаллиги қўзғатувчилари, 1880 йилда эса безгак ва ич терлама, 1898 йилда лейшманиоз касаллиги қўзғатувчилари аниқланди. Кейинроқ сил, қайталама тиф, қутуриш касаллиги қўзғатувчилари ҳам маълум бўлди. Бу тадқиқотларга француз олими Луи Пастер (1822-1895), немис олими Роберт Кох (1843-1910), рус олимлари И.И.Мечников (1845- 1916), Д.И.Ивановский (1863-1932) ва бошқалар салмоқли ҳисса қўшдилар.
Республикамизда юқумли касалликлар бўйича бевосита илмий иш олиб борган ва кўплаб илмий ходимлар тайёрлаган олимлардан И.Қ.Мусабоев, Т.Х. Нажмитдинов, В.М.Мажидовларни кўрсатиб ўтиш лозим. Ўзбекистон фанлар акдемиясининг мухбир аъзоси, профессор И.Қ.Мусабоев бошчилигида тиф- паратиф касалликлари, ичбуруғ, вабо, вирусли гепатитлар, дифтериянинг патогенезини ўрганиш ва даволаш усулларини такомиллаштиришда катта илмий ишлар бажарилмоқда.
Хўш, бу масалага диний нуқтаи назардан қандай тушунчалар мавжуд. Бунинг учун биз ислом динининг асл манбалари Қуръони карим ва ҳадисларга, ўтган салаф уламоларимиз ҳаётидаги ибратли воқеаларга эътибор қаратишимиз ва улардан ибрат олишимиз зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан, албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай дейди: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Бу оятнинг тафсирида бир қийинчиликдан кейин, албатта, икки енгиллик бор, дейилади. Тафсири Табарий(Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (839 -923), мазкур тафсир аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг энг катта ва эътиборли тафсирларидан бири ҳисобланади.)да шундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди”.
Абдураҳмон инб Авф (р.а.)(машҳур саҳобалардан бири)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вабо касаллиги борасида шундай деганлар: “Агар бир жойда касаллик (вабо) борлигини эшитсангиз у жойга борманг. Агар сиз турган жойда касаллик тарқалса, ундан қочиб бошқа жойга чиқиб кетманг” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадисдан шуни англаймизки, қаерда ўта юқумли касаллик тарқалса, ўша жойда яшовчи аҳоли қочиб бошқа жойга бориши дуруст эмас. Агар киши касаллик тарқалган жойдан ташқарида бўлса, ичкарига кириши дуруст эмас. Мазкур қоида шу касаллик тугагунгача давом этади.
“Бирор банда йўқки, вабо тушганида унга Аллоҳ ёзганидан ўзгаси етмаслигини билган ҳолда ўз шаҳрида сабр ва савоб умидида турса, унга шаҳиднинг ажридек ажр бўлур”. Бу ҳадисни Имом Бухорий Ойиша (р.а.)(Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари) ривоят қилган.
Ушбу ҳадис Имом Аҳмаддан ҳам келтирилган:
“Бирор банда йўқки, вабо тушганида унга Аллоҳ ёзганидан ўзгаси етмаслигини билган ҳолда ўз уйида сабр ва савоб умидида турса, унга шаҳиднинг ажридек ажр бўлур”.
Ҳадис шарҳида “ўз шаҳрида ёки уйида ваҳимага берилмасдан, Аллоҳ таолонинг амри ва қазои-қадарига рози ва таслим бўлган ҳолида турса”, дейилади.
Машҳур олим Ибн Ҳажар эса: “Бу ривоятдаги мантиқ шуни тақозо этадики, бу сифатларга эга бўлган ҳар бир киши учун шаҳиднинг ажридек ажр бўлади, агарки вафот қилмаса ҳам”, − деганлар.
Шу ўринда ўтган улуғ аждодларимизнинг ибрати ҳам таҳсинга лойиқ. Тошкент шаҳрида ўн тўққизинчи аср охирларида тарқалган вабо касаллиги жуда кўп инсонларнинг умрига завол бўлди. Ўша даврнинг машҳур кишиларидан бири, эл ичида ҳурмати баланд бўлган Абулқосим эшон (Бешёғоч даҳасидаги Абулқосим мадрасаси асосчиси)ҳазратлари халқ бошига келган бу офатдан қайғуриб, вабони тўхтатилиши эвазига ўз жонларини олишини Яратгандан илтижо қилиб сўрайди. Шаҳарда вабо тўхтайди, аммо эшон ҳазратлари вафот этади. Албатта, бундай фидоийлик ва мардлик намуналари тарихимизда анчагина ва биз авлодлар учун катта ибратдир.
Ҳозирги оғир дамларда бизнинг асосий вазифамиз уйда ўтирганда, вақтнинг қадрини юракдан ҳис қилиб дунё ташвишлари сабабли қолиб кетган вазифаларни бажариш, оила ва фарзандлари билан ватанпарварлик, меҳр – оқибат, илму заковат, одобу ахлоқ каби юксак қадриятлар мужассам бўлган бебаҳо адабий меросимиз дурдоналарини ўрганиш, тарихий фильм ва спектаклларимизни фарзандлар даврасида томоша қилишдан иборат бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. Чунончи, инсонга берилган умрнинг ҳар бир лаҳзаси ғанимат ва бебаҳодир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот котиби Ф.Муҳаммадиев