Франция Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия БУШЕЗ билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Франция Республикаси элчихонаси ўртасида учрашув ташкил этилди. Марказ раҳбари Ш.Миноваров ҳамда Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез хоним ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Элчи томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб бораётган изчил ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар бутун дунё эътиборида, шу жумладан Франция ҳукумати томонидан кузатиб борилаётгани, бу ҳаракатлар албатта яқин йилларда ижобий самара беришини алоҳида таъкидланди.
Ш. Миноваров Марказ Ислом меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва келажак авлодга муносиб тарзда етказиш, ёш авлоднинг муқаддас ислом дини қадриятларига ҳурмат, буюк аждодлар билан ғурур руҳида тарбиялашга хизмат қилишига эътибор қаратди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли лойиҳалар, жумладан динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш, Ислом цивилизацияси маркази ва Франциядаги нуфузли илмий-таълим муассасалари билан алоқаларни кенгайтириш доирасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.