Фидоий олим туҳфаси
19 декабрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бутун умрини илму фан равнақи йўлида сарфлаган фидойи олим, филология фанлари доктори Иноятулло Сувонқуловнинг шахсий кутубхонасида сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни марказга тақдим этиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ноёб китобларни олимнинг фарзанди Матлуба Иноятулло қизи беғараз тарзда марказга ҳадя қилди.
Тақдимот маросимида марказ директори Ш.Миноваров, директор ўринбосарлари Шайх Абдулазиз Мансур ва Ф.Ҳалимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, ЎзРФА Тил ва адабиёт институти ходимлари академик Тўра Мирзаев, профессор Иброҳим Ҳаққул ва бошқа олиму ижодкорлар иштирок этдилар.
Тадбирни марказ директори Ш. Миноваров кириш сўзи билан очиб, сўзни Шайх Абдулазиз Мансурга берди. Шайх ҳазратлари мазкур савобли ишнинг нақадар аҳамиятли эканлигини, бундай хайрли ишлар олимнинг оиласи ва жамиятимиз учун бардавом баракот эканлигини билдирди ҳамда марҳум профессорнинг оила аъзоларига миннатдорчилик изҳор этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўз олиб, нодир қўлёзма ва тошбосма асарларнинг аҳамияти ҳамда уларнинг тадқиқ қилиш ўта долзарб вазифа эканлигини таъкидлади ва бу борада барча турдош ташкилотлар ҳамкорликда фаолият олиб боришса самарали бўлишини билдирди.
Профессор Иброҳим Ҳаққул, академик Тўра Мирзаевлар олимнинг ижодий йўли ва илмий мероси ҳақида тадбир қатнашчиларига қизиқарли маълумотлар беришди. Фидойи олимнинг бебаҳо китоблар жамланмасини марказга топширилгани жуда ҳам савобли иш бўлгани, келгусида бу китоблардан бир нечта авлодлар ва илм аҳллари беминнат фойдаланади, деб ишонч билдиришди.
Тадбир сўнггида фидоий олим И.Сувонқулов оила аъзоларига марказ томонидан қимматбаҳо совға тақдим этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати