Фарғона вилоятида тарғибот ишлари давом эттирилмоқда
Жорий йилнинг 7–8 февраль кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари ходимлари томонидан буюк алломаларимиз илмий меросини кенг оммага тарғиб қилиш қилиш мақсадида Фарғона вилоятининг қатор туманларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Қувасой шаҳри ҳокимлигида 10 дан ортиқ ташкилот, корхона ва муассасаларнинг 200 нафарга яқин ходимлари учун “Буюк алломаларимиз илмий меросининг аҳамияти» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда марказ катта илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Илҳом Бекмирзаев ўз маърузалари билан иштирок этди. Семинар қатнашчиларига “Тинчлик қадри” видеоролиги ҳам намойиш этилди.
Шунингдек, Фарғона Политехника институти талабалари учун «Жаҳолатга қарши маърифат» мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда «Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми», «Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш» ва «Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида маърузалар ўқилди. Тадбир савол-жавобларга бой бўлди.
Марказлар маърузачилари томонидан Фарғона шаҳрида барча масъул раҳбарлар учун “Буюк алломаларимиз илмий меросини тарғиб қилиш” бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Семинарда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳамда алломаларимиз илмий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда аждодларимиз бой илмий-маънавий меросининг аҳамияти юзасидан маърузалар тингланди. Мазкур семинар онлайн форматда ҳам ташкил этилди. Унда жами 4.5 мингга яқин иштирокчи қатнашди.
Тарғибот ишлари бутун юртимиз ҳудудлари бўйлаб давом этади.