ФРАНЦУЗ КОМПАНИЯСИ ЛОЙИҲАСИНИНГ ТАҚДИМОТИ
Хабарингиз бор, соф Ислом маърифатининг асл мазмун-моҳиятини, кенг аҳоли қатлами, айниқса ёшлар ва бутун жаҳон афгор оммасига тўғри етказиш, ўзбек халқининг бой маданий меросини сақлаш ва уни бойитиб, келажак авлодга тақдим этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуслари асосида, 2018 йилда пойтахтимиз Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиши бошланган эди.
Таъкидлаш керакки, бу каби улкан лойиҳа асосида қурилаётган мазкур архитектура иншоотига нафақат ўзбек мутахассислари, балки дунёга машҳур қурилиш компаниялари ва фирмалари ҳам жалб этилган.
Куни кеча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиш объектида юртимизга ташриф буюрган Франциянинг «Wilmotte & Associates» компанияси ва Россиянинг “М.К. 3” МЧЖ мутахассислари томонидан ушбу Марказ биносининг ички дизайни лойиҳасининг тақдимотига бағишланган “давра суҳбати” бўлиб ўтди.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш Дирекцияси, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖ, Тошкент шаҳар ҳокимияти Ягона буюртмачи қурилиш инжиниринг компанияси, “Трест 12” АЖ, “Каратпроект” фирмаси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати кун тартибидан ўрин олган масалар бўйича, франциялик мутахассислар — «Wilmotte & Associates» компанияси бош директори Борина Андриё ва бош архитектор Эммануэль Брело экспозиция зали, кутубхона, офислар ва бошқа қўшимча иншоотларнинг архитектуравий лойиҳалаш ва интерьери, яъни иншоотларнинг ички ќиёфаси, бадиий безалган ва жићозланган кўринишининг лойиҳасининг тақдимотини ўтказди.
Шу билан бир қаторда россиянинг “М.К. 3” фирмаси мутаҳасисслари ҳам музейшунослик технлогияларининг қатор масалалари хусусида ўз фиклрларини тақтимот орқали ёритиб беришди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар қурилиш майдонида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб чиқдилар.
12 апрелда Давлат бошқаруви академиясида Франциядаги «Wilmotte & Associates» компаниясининг Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ички дизайни лойиҳасининг тақдимотига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Йиғилишдан олдин меҳмонлар Ўзбекистон тарихи музейини бориб кўрдилар ва у ерда ўзбек халқининг бой ва серқирра маданий, сиёсий, ижтимоий тарихи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, 1975 йилда Жан-Мишель Вильмотт томонидан ташкил этилган «Wilmotte & Associates» команияси юксак халқаро нуфузга эга. Унинг 28 та давлат – Франция, Буюк Британия, Италия, Бразилия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардаги бўлимлари мавжуд. Компания фаолиятининг асосий йўналишларини меъморчилик, ички безаклар, шаҳарсозлик лойиҳалари, музейшунослик ва дизайн ташкил қилади.
Ўзбекистон тарихи музейининг директори, тарих фанлари доктори Ж.Исмоилова Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг музейи экспозицияларини шакллантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ва ишчи гуруҳлари аъзоларининг амалга оширилган ишлари ҳақида қисқача ахборот берди.
Ушбу бўлажак музей экспозицияларини шакллантириш бўйича 11 та ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу йўналишлар Марказий Осиёда исломгача бўлган давр тарихи, ёзув санъати, китобият, ҳаттотлик, миниатюра, нақшлар, ислом таълимоти, илм-фан тараққиёти, шаҳарсозлик ва меъморчилик, таълим ва санъат соҳаларини қамраб олади. Ўтган бир йил давомида ана шу ҳар бир йўналиш бўйича илмий асосланган концепциялар ишлаб чиқилган.
Франциянинг «Wilmotte & Associates» компанияси лойиҳа раҳбари Борина Антонова-Андреу Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ички дизайнининг тайёрланган хомаки лойиҳаси тўғрисида батафсил ахборот берди. У барпо этилаётган Марказ Ўзбекистоннинг ижодлари ислом маданияти, фани ва тамаддуни ривожланишига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар, машҳур олимлар ва диний арбобларнинг бебаҳо ноёб меросини намоён этишга даъват этилганлигини алоҳида таъкидлади. Шунинг учун бизга ушбу нуфузли лойиҳада иштирок этиш катта шараф. Ишончимиз комилки, бўлажак Марказ маърифатли Исломни ўрганиш ҳамда мамлакатингиз аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигини буюк ўтмишдошларингизнинг бой меросидан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ва ишчи гуруҳлар эътиборига ҳавола этилаётган «Wilmotte & Associates» компаниясининг лойиҳаси ҳозирча хомакиси ва уни такомиллаштиришда биз учун сизларнинг фикр ва мулоҳаларингиз ниҳоятда қимматлидир.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, санъатшунослик доктори А.А.Ҳакимов Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейининг “Санъат” йўналиши бўйича экспозициясини шакллантириш концепцияси лойиҳасининг тақдимотини ўтказди.
Йиғилишда «Wilmotte & Associates» компанияси мутахассисларига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ички дизайнининг лойҳасини тайёрлаш бўйича амалга оширган катта ҳажмдаги ишлари учун миннатдорчилик изҳор этилиб, уларнинг келгусида чет эллик мутахассислар томонидан тақдим этилган лойиҳани такомиллаштиришга борасида Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ва ишчи гуруҳлар олимлари ҳамда мутахассислари билан ҳамкорликда самарали иш олиб борилишига ишонч билдирилди.
Манба: http://dkm.gov.uz