Эртага Ўзбекистон олимлари форуми старт олади
3-4 июль кунлари пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом Цивилизацияси маркази томонидан “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Ўзбекистон олимлари форуми старт олади.
Илмий анжуманнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5186-сон қарорининг “Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ қилиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш” бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган илмий-тадқиқот ишлари, музей, архив, кутубхона ва қўлёзмалар фондини бойитиш тадбирларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган.
500 га яқин иштирокчини қамраб олган Форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалар, келгуси режаларини намоён этадиган 10 дан ортиқ семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилади.
Форумда тақдим этилган ҳар бир лойиҳа бўйича олимлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланади.