Екатерина II саройидаги Бухоро элчилари Халқ дипломатияси тарихидан


  Қадимдан Она заминимиз  “Буюк ипак йўли” чорраҳасида жойлашганлиги ҳамда фан-маданият, савдо-сотиқ ва меъморчилик юксак ривож топган макон сифатида машҳур бўлиб келган. Савдо карвонлари дунёнинг барча давлатларига бориб, ўзаро савдо – сотиқ алоқаларини ўрнатган ҳолда ўша юртларнинг ноёб нарсаларини юртимизга олиб қайтишган. Бунда юртимизнинг етук тужжор ва савдогарлари жонбозлик кўрсатишган. Аммо карвон йўллари бехатар бўлмаган. Қанчадан – қанча карвонлар таланган, талон-тарож қилинган. Лекин шунга қарамасдан, жасур ва мард савдогару тужжорларимиз ўз ишларини давом эттирганлар.

   Ана шундай карвонлардан бири 1773 йили Бухородан Россияга йўл олади. Унда бир неча савдогарларнинг беш юз минг рубллик мол-матолари, қимматбаҳо буюмлари бор эди. Карвон Оренбург ҳудудларига етганда уларга қароқчилар ҳужум қилиб, барча моллар талон-тарож қилинади. Қароқчилардан бир амаллаб қочиб қутулган, тирик қолган кишилар Бухорога қайтишади ва бу хабар ҳаммага маълум қилинади. У даврларда Ўрта Осиёдан Россияга йўл олган карвонлар жуда кўп ҳужумларга учрар эди, шу боис, бу ҳодисага оддий ҳол сифатида қаралди. Аммо, Бухоро савдогарларининг талофатлари жуда катта қийматга эга эканлигидан улар ўша даврдаги Бухоро хони Абулғозихонга (Абулғози Муҳаммад Баҳодирхон, 1758 – 1783 йй, Аштархонийлар сулоласининг сўнгги хони) мурожаат қилиб, ундан карвонлари Россия ҳудудида таланганлиги боис, Рус ҳукуматидан йўқотган молларининг қийматини қоплаб бериш ҳақида сўраб беришини илтимос қилишди. Бу ишларни амалга оширишга Бухоронинг йирик савдогарларидан бири, Россияга мунтазам қатнаб турган киши Мулла Эрназарбой (Эрназар Мақсудов - Бухоронинг машҳур бойларидан, Россия ва Бухоро ўртасидаги алоқаларни ривожланишига катта ҳисса қўшган шахс. Унинг хизматлари юксак баҳоланиб, Каспий денгизидаги битта рус кемаси савдо-сотиқ қилиш учун тортиқ қилинган, шунингдек, Екатерина II томонидан ажратилган 10 минг рублга  Бухорода мадраса қурдирган. Мазкур мадраса биноси тарихда “Эрназарбой мадрасаси” номи билан 1950 йилгача сақланган, кейин бузиб ташланган. Ушбу мадрасада ўша даврнинг машҳур олимлари ҳам таълим олишган) бел боғлашини билдирди. Чунончи, таланган карвонда унинг ҳам моллари бор эди. Таклиф қабул қилиниб, 1774 йилда қуйидаги таркибда ўша даврдаги Рус подшоси Екатерина II саройига нуфузли делегация ҳозирланди:  Мулла Эрназарбой-элчи, унинг ўғли Муҳаммад Шариф-понсатбоши, Охун Мулла Араб, Имом Мулла Халил, Мулла Бобо Шариф – маслаҳатчи ва котиб, Муҳаммад Шариф – хазинабон, Аёзберди Қўрбоши.

  Бундан ташқари элчихона фаолиятига зарур бўладиган хизматчилар: табиб, ошпаз ва нонпазлар, ишчилар, 9 та мусиқачи ва 10 та отбоқар(совғага олиб кетилаётган отларга қараш учун) – жами 53 киши танлаб олинди.Элчига Бухоро хони Абулғозихон томонидан муҳрланган ишонч ёрлиғи ҳамда ўша даврнинг удумига кўра Екатерина II учун жуда қимматбаҳо совғалар: эгар-жабдуғлари олтин безаклар билан безатилган 7 та араб оти, кўп миқдорда қимматбаҳо дуру марваридлар, зарҳал матолар берилди. Россиянинг қолган ҳукумат вакилларига ҳам кўпгина совғалар тайёрланди. Бундан ташқари Бухоро хонлиги маблағлари эвазига сотиб олинган 20 та рус асирлари ҳам совға сифатида карвонга қўшилди.

   Элчи бошчилигидаги карвон 1774 йил январь ойининг охирида Бухородан чиқиб Оренбург орқали  март ойида    Москвага етиб келди. Улар Россия ташқи ишлар коллегияси томонидан ажратилган бинога жойлашишди. Аммо у ердаги шароит яхши бўлмаганлиги боис, улар ўзлари учун ижара шарти билан   қулай бинога кўчиб ўтишди.    

  Ўша йилнинг 27 март куни канцлер, яъни рус саройнинг асосий иш юритувчиси бемор бўлгани боис, элчиларимизни унинг ўринбосари граф Панин (Граф Никита Иванович Панин – 1718 – 1783 йй, Екатерина II саройида ташқи ишлар билан шуғулланган шахс, дипломат, Россия тарихидаги машҳур Панинлар сулоласи вакили)қабул қилди. Унга Бухоро хони Абулғозихон томонидан берилган ишонч ёрлиғи топширилди.Бир йил мобайнида Бухоро элчихонаси вакиллари асосан савдо – сотиқ билан шуғулландилар. Бу эса ўз навбатида икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлади. 1776 йил 15 январь куни Бухоро элчихонаси вакиллари сўнгги марта граф Панин қабулида бўлишди ва Бухоро хонига аталган жавоб ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо бриллиантлар билан безатилган бош кийимни қабул қилиб олиб Бухорога қайтишди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

илмий ходими

Фахриддин Муҳаммадиев

тел:90 991 42 63