ЭРТАГА ТОШКЕНТДА ДУНЁНИНГ 300 ГА ЯҚИН ОЛИМЛАРИНИ БИРЛАШТИРГАН ЙИЛНИНГ НУФУЗЛИ МАДАНИЙ ТАДБИРИ БОШЛАНАДИ


2024 йил 23-26 август кунлари «Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори» шиори остида анъанавий VIII Халқаро Конгресс бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли Конгресс 300 га яқин хорижлик ва маҳаллий мутахассислар, экпертлар, етук олимлар, фан арбоблари, ёш тадқиқотчилар, диний соҳа вакилларини бир майдонда бирлаштиради. Бу ҳақда халқаро конференция олдидан ташкил этилган бугунги матбуот анжуманида сўз борди.

4 кун давомида Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтадиган Конгресснинг мақсади – Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни таъминлашга қаратилган. 

Жорий йилда Бутунжаҳон жамиятининг анъанавий халқаро конгресси бевосита Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтиши кўзда тутилган бу Конгресснинг асосий мақсади ҳам Президентимиз  раҳбарлигида амалга оширилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мега-лойиҳасини халқаро илмий жамоатчиликка тақдим этишдир. Шу сабабли Конгрессда эътибор кўпроқ марказнинг кутубхона ва музейлари фондини халқаро андозаларга мос, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб бойитиш, марказ фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилмоқда.

Конгресс кун тартибидан Биринчи ва Иккинчи Шарқ ренессансларининг буюк олимлари ва фаолияти асосида Ўзбекистоннинг бой маданий ва илмий меросини кенгроқ ўрганиш ҳамда оммалаштириш, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитиш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Конгрессда  ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрoл Килич, “Ал-Фурқан” Ислом мероси жамғармасининг Ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев, Марказий Осиё ва Кавказ институтининг асосчиси ва раиси, профессор Фредерик Старр, "Ислом олимларининг 1001 кашфиёти" лойиҳаси асосчиси ва бош продюссери Аҳмад Салим сингари дунёнинг 35 та давлатдан 300 га яқин олимлар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

«Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори» шиори остида ўтказилаётган анъанавий VIII Халқаро Конгресснинг очилиш маросими 23 август куни Тошкентда бўлиб ўтади.