ЭНГ КАТТА БОЙЛИК - ИЛМ, ЭНГ КАТТА МЕРОС - ТАРБИЯ


   Бугун миллионлаб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг юртимиз парламентининг ҳар икки палатасига мурожаатини тўғридан-тўғри кўрдилар ва эшитдилар. Менимча ушбу мурожаатнома ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Негаки мурожаатнинг ҳар бир бандида бугунги кунимиз ва келажак билан боғлиқ муаммолар ва режалар тўғрисида гап борди.


    Куни кеча якунланган ва ҳар томонлама демократик тамойиллар асосида ўтказилган сайловлардан тортиб, II Жаҳон уруши қатнашчиларига эътибор, Имом Бухорий, Б.Нақшбанд хотираларини эъзозлашдан тортиб, тадбиркор аёлларга берилажак ёрдамгача, иқтисодиёт натижалари, Суд тизимига тўлиқ мустақиллик бериш, тураржойида рўйхатдан ўтиш, ёшларга эътибор, камбағалликка қарши кураш, солиқ, инфляция, ташқи сиёсатнинг йўналишлари, эришилган натижалар, мавжуд муаммоларнинг ечими тўғрисида очиқ, самимий ва ҳаққоний маъруза бошланган йил ва яқин келажак учун дастур бўлиб хизмат қилиши аниқ.
    Давлатимиз Раҳбари 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили, деб эълон қилишни таклиф қилди. Бошланган йилда Маҳмудхўжа Беҳбудийни 145 йиллиги нишонланиши, маърифатпарвар аждодларимиз – жадидчилик ҳаракати аъзолари фаолиятини ўрганиш режелаштирилганлиги айтилди.
Барча амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ учун, халқ манфаатлари учун хизмат қилиши, Ўзбекистон танлаб олган йўлидан ҳеч қачон қайтмаслиги таъкидланди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати