Эътироф


 

Фредерик СТАРР:

ХАЛҚИНГИЗ ЎРТАМИЁНА САВДОГАР ЭМАС,

САНОАТЧИ, КОНЧИ, МОЛИЯЧИ БЎЛГАН

Ноябрь ойининг бошида Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган Бутунжаҳон ҳамжамиятининг навбатдаги тадбирида иштирок эта олмадим. Ўша кунлари ташкилотчилар мен билан алоқага чиқиб, тадбирга ташриф буюрган америкалик тарихчи олим, АҚШ ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ва раиси профессор Фредерик Старр Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан танишмоқчи эканини айтишди. Бу хабар бироз таажжублантирган бўлса-да, очиғи, халқаро миқёсдаги таниқли олимнинг марказимизга қизиқиш билдирганидан жуда хурсанд бўлдим.

Меҳмонни кутиб олиб, пойтахтдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мавзесида давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида қурилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси билан таништириб бўлгач, шу ердаги хизмат хонамизда суҳбат қурдик.

Фредерик Старр жаноблари билан аввал ҳам тадбирларнинг бирида учрашган эдик. Унинг “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг араблардан Амир Темургача олтин даври” асари муаллифи эканини билардим. Шундай бўлсада, у киши билан суҳбат мени ҳайратда қолдирди. Тоғларнинг инсон қадами деярли етмаган ёнбағирларида учраб қоладиган булоқлар сувини ичсангиз, тўймайсиз; оғирлик ҳам ҳис килмайсиз. Фредерик Старр билан суҳбат ана шундай булоқ сувига ўхшарди.

Биз узоқ суҳбатлашдик. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихи, Президент Шавкат Мирзиёев уни нима мақсадда барпо этишга қарор қилгани, бундан нималар кутилаётгани, бинонинг меъморий ечимию ички мазмунига қадар гапириб бердим, қисқача фильм ҳам намойиш қилдик. Шундан кейин муҳтарам профессордан зериктириб қўймадимми, деб сўрадим.

Америкалик меҳмон “Аксинча, мен ижобий маънода ҳайратдаман”, деди ва мендан “Дамашқ пўлати тўғрисида эшитганмисиз?” деб сўради. “Ҳа, у пўлатдан махсус қилич ва ханжарлар ясалган. Бундай яроғлар билан бошқа ҳар қандай қиличга зарба берилганда, улар иккига бўлиниб кетаверган. Ҳатто қирол Артурнинг машҳур қиличи ҳам Дамашқ пўлатидан ясалган, деган маълумотлар бор”, дедим. Ф.Старр айтганларимни мамнуният билан тасдиқлади. “Биласизми, деди меҳмон, араб қуролсозлари ушбу машҳур пўлатни тоблашни мовароуннаҳрлик усталардан ўрганишган”. “Златоуст усталари ишлатган пўлатчи?” деган эътирозимга “Урал металлургияси Буюк Пётр даврида ривожланган, яъни Дамашқ пўлатидан анча вақт ўтиб”, деди суҳбатдошим.

Шундан кейин меҳмонга археологлар ва олимларимизнинг охирги изланишлари мамлакатимиз ҳудудида, жумладан, Шош (Тошкент) воҳасида қарийб 2 минг йил аввал металл эритилгани, ундан иш ва жанг қуроллари, шунингдек, безаклар тайёрланганини кўрсатаётганини маълум қилдим. Ф.Старр Марказий Осиё қадим замонлардан цивилизация ўчоқларидан бири бўлиб келгани, яқин пайтларгача булар турли сабабларга кўра юзаки ўрганилгани, баҳо беришда колониал мафкуранинг таъсири катта бўлганини қайд қилди. “Сиз авлодлари бўлган сўғдлар ва Сўғдиёна тарихи кам ўрганилган. У, албатта, чуқур ўрганилиши керак. Ипак йўлида фақат ипак ташилмаган. Умумий тижорат кўламларида Мовароуннаҳрнинг ҳиссаси катта бўлган. Туяларга минтақада темир, маъданлар, симоб, асл металлар, қурол-яроғ, қуритилган мевалар, кейинчалик Самарқанд қоғози ортилган ва Ўрта ер денгизи бўйлари томон олиб кетилган”.

Бу тарихий маълумотларга қўшимча равишда меҳмон менга “The Genius of Their Age: Ibn Sina, Biruni” (“Замонасининг даҳолари: Ибн Сино, Беруний”) китобини совға қилди. Мен эса “Бухоро” ва “Янги Ўзбекистон” китоб-альбом- ларини тақдим қилдим. Касбий қизиқишим америкалик дўстимиздан китобини ўзбек тилига таржима қилишга рухсат сўрашга ундади. Розилик жавобини олгач, бир-биримизга саломатлик ва омад тилаб, дўстона хайрлашдик.

Кўп ўтмай, электрон манзилимга Фредерик Старрдан иккита мактуб келиб тушди. Уларнинг мазмуни давлатимиз раҳбари халқимизни тўғри йўлдан бошлаб бораётганини тасдиқлаб тургани боис баъзи қисқартишлар билан юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилишга қарор қилдим.

 

Биринчи мактуб, 2023 йил 11 ноябрь

Ҳурматли директор Шоазим Миноваров жаноблари,

 

Ўта қизикарли ва конструктив руҳда ўтган учрашув ва ҳозир менга етиб келган Марказий Осиё металлургияси тарихига оид илмий асар учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Биласизми, дунё зиёлилари ушбу мавзудан мутлақо бехабар. Улар ҳозиргача Буюк Ипак йўлига Ўрта асрларда Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тижорати эмас, балки фақат Хитойда ишлаб чиқарилган ипак савдоси йўли нуқтаи назаридангина қараб келмоқдалар. Янги марказнинг асосий мақсади жаҳон ҳамжамиятига минтақа мамлакатлари жуда қадим замонларданоқ ишлаб чиқаришда эришган муҳим ютуқлар тўғрисида маълумот беришдан иборат бўлиши мумкин. Бу эса ҳукуматингиз томонидан инвестициялар жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга ҳамда қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга кучли туртки берган бўларди.

Самимий тилаклар билан,

Фредерик СТАРР

 

Иккинчи мактуб, 2023 йил 15 ноябрь

Ҳурматли директор Шоазим Миноваров жаноблари,

 

Жуда қизиқарли, сермаҳсул ва ёқимли суҳбатимиз учун қизғин миннатдорлигимни қабул қилинг. Шунингдек, мен илгари учратмаган тоғ-кон ишлари тўғрисидаги китоб учун ҳам катта раҳмат. Қадимий Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг барча соҳалари бўйича маълумот йиғиш ва тарғиб қилиш жуда муҳим. Бу нарса, Ўзбекистон аҳолиси оддий олиб-сотарлар бўлган, қабилидаги фикрларга барҳам бериб, бу ерликларнинг саноатчи, кончи, молиячи, суғуртачи ва бошқа касб эгалари ҳам бўлганликларини исботлаб беради. Ушбу маълумот ўзбек таълим тизимида ҳам ўз ўрнини топа билиши керак. Буни амалга оширишда марказ жуда қўл келади.

Эҳтиром билан,

Фредерик СТАРР

 

Шоазим МИНОВАРОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси

маркази директори

 

Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2023 йил 19 ноябрь, №246 (8586)