Эътироф


     Швециянинг  Стокгольм шаҳрида туркий миллатлар уюшмасининг “Бобур култури анжумани” интернет сайти саҳифасида Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси, ҳуқуқшунос олим, профессор Ш.Жузжонийнинг “Тошкентдаги беқиёс Ислом цивилизацияси маркази” номли мақоласи чоп этилди.

       Муаллиф Ўзбекистон замини тарихан ислом маданияти ва маърифати макони бўлганлигини эътироф этган ҳолда, ушбу заминга ислом VIII-IX асрларда кириб келганлигини ва маҳаллий қорахонийлар ҳукмронлиги даврида ислом илмлари ривож топганлигини ёрқин далиллар билан келтириб ўтади. Чунончи, шу даврда 300 га яқин фақиҳлар ижод қилишгани ва улар 150 дан ошиқ фиқҳий асарлар ёзиб қолдирганликлари баён қилинади. Мақолада  IX-XII асрлардаги “Шарқ уйғониш даври” ва унинг иккинчи даври, XIV-XV асрлардаги Темурийлар давридаги илм-фан тараққиёти, шу даврда ижод қилган уламолар ҳамда уларнинг Марказий Осиё маданий – маърифий ҳаёти ривожидаги ўрнига эътибор қаратилиб, Хоразмдаги “Маъмун академияси” ва унда фаолият юритган алломалар   ҳақида сўз юритилади ва бу ўз навбатида Европада ҳам уйғониш даври бошланишига таъсир этганлиги таъкидланади. 

   Мақола давомида Ўзбекистоннинг яқин тарихига назар ташланиб, истиқлолдан кейинги йилларда диний-маърифий соҳада эришилган улкан муваффақиятлар эътироф этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази, унинг таркибий тузилмаси, вазифалари ҳамда келгусидаги режалари ҳақида батафсил маълумот келтирилган.

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати