ЭЪЛОН


Жорий йилнинг 14 июнь санасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Халқаро кутубхоналар асcоциациялари ва муассасалари федерациясининг (International Federation of Library Associations and institutions – IFLA) расмий аъзосига айланди.

Таъкидлаш жоизки, Федерацияга аъзо ташкилотларга танланган категориялар бўйича илмий манбаларга, IFLA академик нашрларига уланиш, кутубхона ва ахборот технологияларига бағишланган чораклик IFLA Journal контентидан бепул фойдаланиш имконияти ҳамда кутубхона ишини стратегик ривожлантириш ва манбаларни сақлаш бўйича замонавий йўриқномалар тақдим этилади.

Маълумот ўрнида: Халқаро кутубхоналар ассоциациялари ва муассасалари федерациясига мустақил нодавлат-нотижорат сифатида 1927 йил 30 сентябрь куни асос солинган. Ушбу ташкилот кутубхоналар, ахборот хизматлари ҳамда уларнинг фойдаланувчилари манфаатларини таъминловчи етакчи халқаро орган саналади. Бугунги кунда Федерация дунё бўйлаб 1,500дан зиёд аъзога эга.

Федерациянинг асосий мақсадлари:

  1. Кутубхона ва ахборот хизмати кўрсатишнинг юқори стандартлари билан таъминлаш;
  2. Сифатли кутубхона ва ахборот хизматининг аҳамиятини  кенг ёйиш;
  3. Аъзо ташкилотларнинг манфаатларини таъминлаш.

Федерациянинг асосий вазифалари:

  1. Кутубхоначиликнинг халқаро даражадаги аҳамиятини кўрсатиш;
  2. Кутубхона ходимларининг узлуксиз таълимини тарғиб қилиш;
  3. Кутубхона хизмати учун йўриқномалар ишлаб чиқиш.

Федерация Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро илмий уюшмалар кенгаши, Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти, Халқаро нашриётлар ассоциацияси, Халқаро Музейлар кенгаши, Халқаро архивлар кенгаши каби халқаро бирлашмалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган

Федерация қошида Кутубхоналарни ривожлантириш, Манбаларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, Библиографик маълумотларни алмашиш, Рақамли кутубхоналар сингари Стратегик дастурлар фаолият олиб боради.

Йил давомида Федерациянинг профессионал мутахассислари ва  Стратегик дастурлари томонидан дунё бўйлаб кутубхона ва ахборот хизмати кўрсатиш билан шуғулланувчи муассасалар учун илмий учрашувлар, назарий ва амалий машғулотлар ташкил қилинади. Бундан ташқари, Федерация ташаббуси билан хар йили август-сентябрь ойларида Жаҳон кутубхона ва ахборот конгресси бўлиб ўтади. Мазкур тадбир аъзо муассасалар вакили сифатида ташриф буюрган  3000га яқин соҳа эгалари учун тажриба алмашиш, касбий масала ва муаммоларни муҳокама қилиш, ахборот индустриясининг сўнгги янгиликлари билан танишиш, маданий мулоқот ўрнатиш майдони бўлиб хизмат қилади.

Муҳим жиҳати, Федерация кутубхона ва ахборот хизматини кўрсатиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш, кутубхоначилик йўналишида янги лойиҳаларни тақдим этиш мақсадида соҳа вакилларига глобал грантларни тақдим этиб келмоқда.

Халқаро кутубхоналар ассоциациялари ва муассасалари федерацияси аъзолигига умумбашарий тенглик ва эркинлик тамойиллари асосида фаолият олиб боради. Федерацияга кутубхона ва ахборот хизмати вакиллари ассоциациялари, алоҳида кутубхона ва ресурс марказлари, шунингдек, ушбу хизматлар мавжуд ташкилотлар қабул қилиниши мумкин. Аъзо муассасалар Федерация президенти лавозимига номзод тақдим этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эгадир.