Динлар ва маданиятларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигида ҳамда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда таълим ва диний маърифатнинг ўрни мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди
Жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашда, шунингдек ёшлар ўртасида таълим ва диний маърифатни тарғиб қилиш мақсадида 2022 йил 9 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда ва Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Динлар ва маданиятларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигида ҳамда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда таълим ва диний маърифатнинг ўрни” мавзусида халқаро анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, мамлакатимиздаги дипломатик корпуслар, эксперт олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва журналистлар қатнашди.
Шунингдек, анжуман доирасида Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан кўп томонлама дипломатиясида цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёшлар онгига ушбу эзгу ғояларни сингдириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази директори Ш. Миноваров бағрикенглик ва ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиши кераклигини, мамлакатимиз ҳудудида яшаётган миллатлар урф-одати ҳамда ислом динининг маданий ва цивилизацион мероси, маънавий-фалсафий аҳамиятини чуқур ўрганиш бўйича ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Бундан кўзланган асосий мақсад — фундаментал илмий тадқиқотлар натижалари асосида диний бағрикенглик, миллатлараро муносабатларнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва уни бугунги кун шароитида ривожлантиришдан иборат эканлигига урғу берилди.
Шунингдек, Марказ бўлим бошлиғи Ғ. Гулнора “Глобаллашув шароитида диний ва дунёвий билимлар уйғунлиги” мавзусида маъруза қилди.
Анжуман якунларига кўра барча иштирокчилар мамлакатимизда турли динлар ва маданиятларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш, халқимиз орасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда таълим ва диний маърифатнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Ижтимоий-маърифий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил илмий бўлими