ДУНЁНИНГ 300 ГА ЯҚИН ОЛИМЛАРИ ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ХАЙРЛИ ТАШАББУСИДАН МАМНУНЛИГИНИ БИЛДИРДИ
Йилнинг энг муҳим нуфузли маданий тадбири – «Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори» номли анъанавий VIII Халқаро Конгресс катнашчилари – 35 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадкикотчилар Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ислом оламининг йирик мутафаккири, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишишди...
Имом ал-Бухорий мажмуаси фақат бино ва иншоотлардан иборат маскан бўлиб қолмасдан, инсонларнинг қалбини забт этадиган, айниқса, ёшларнинг ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишларида хизмат қилувчи илмий даргоҳ, илм ўчоғи ҳамдир. Конгресс қатнашчилари қурилиш ишлари билан танишаркан, бу хайрли ташаббусдан мамнунликларини билдиришди.
Саид Зиллур Раҳмон, Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси асосчиси ва президенти:
— Ўзбекистон ўлкаси дунё кўп машҳур олимлар, мутафаккирларни етказиб берган. Улардан бири айнан Имом ал-Бухорийдир. Ислом оламида йирик мутафаккирнинг ҳадислари Қуръони каримдан кейин иккинчи муқаддас китобдир. Мен бундан аввал ҳам Самарқанддаги ушбу Имом ал Бухорий мажмуасига ташриф буюрганман. Аммо конгрессда илк бор иштирок этяпман. Мажмуадаги бугунги қурилиш жараёнлари билан танишиб амин бўляпманки, ушбу улуғвор мажмуа келгусида ташриф буюрувчилар учун янада кўтаринкилик бағишлаши шубҳасиз. Илмий ҳамкорлик, яъни Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси ва Ўзбекистондаги Ибн Сино фонди ўртасидаги ҳамкорлик доирасида биз бугун Самарқандда ўтаётган муҳим маданий тадбирда иштирок этяпмиз. Бу ташрифдан ва халқаро конгресс ташаббускорларидан миннатдорман.
Қайд этиш керакки, 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанддаги Silk Road Samarkand туристик марказида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро Конгресси мавзусида тадбир бўлиб ўтмоқда.
Конгресс дастуридан бир қатор кўнгилочар ва маданий дастурлар ҳам ўрин олган. Жумладан, иштирокчилар Самарқандда 26 август куни бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” 13-халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида ҳам иштирок этишади.
Конгресс якунида иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаати, Бутунжаҳон жамияти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олимларининг қўшма декларацияси, ҳамкорлик бўйича йўл харитаси қабул қилиниши кўзда тутилмоқда.