CИНАН ТУРАМАН МУЗЕЙ ЭКСПОЗИЦИЯЛАРИНИНГ МЕЪМОРИЙ ЧИЗМАЛАРИНИ МАРКАЗГА ТАҚДИМ ҚИЛИШГА ТАЙЁР
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси директори Cинан Тураман билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқот аввалида Cинан Тураман “Outdoor Factory” компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва оширилаётган лойиҳалари (“Янги Ўзбекистон” боғидаги “Истиқлол” стелласи, Самарқандда барпо этилаётган “Имом Бухорий” инновацион музейи, Хивадаги “Лазги” музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва бошқалар) тўғрисида ахборот берди. Шунингдек, Марказий Осиёда ягона маҳобатли, бетакрор Марказни барпо этиш борасидаги бунёдкорлик ишлари шахсан Давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва музей экспозициясини шакллантириш билан боғлиқ ишларда кўп сонли маҳаллий илмий доиралар вакиллари ҳамда экспертлари иштирок этаётганидан жуда ҳурсанд эканлигини мамнуният билан айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Синан Тураман “Outdoor Factory” компанияси томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияларининг меъморий чизмалари тайёрланаётгани ва уни Марказга тақдим қилишга ҳозир эканини маълум қилди.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Самарқандда барпо этилаётган “Имом Бухорий” музейини шакллантириш ишлари ҳам бевосита Марказ томонидан олиб борилаётгани, Президентимиз топшириқлари асосида “Имом Бухорий” музейини инновацион музейга айлантириш бўйича делегация 5-10 август кунлари Саудия Арабистонида бўлиши кўзда тутилгани тўғрисида маълумот берди.
Маълумот учун: Outdoor Factory — 2010 йилда Истанбулда ташкил этилган Туркиянинг йирик қурилиш ва лойиҳалаштириш корхонаси. Компаниянинг асосий фаолият тури — боғлар, музейлар ва маданий объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш. Outdoor Factory Туркия, Қатар, Италия, АҚШ, Германия ва Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарига эга. Корхона дунё миқёсида 350 дан ортиқ концептуал лойиҳалар, шунингдек, 25 та музей ва 110 монумент лойиҳаларни амалга оширган.
Учрашув давомида Марказнинг ички дизайни, музей экспозицияси павильони, Марказ кутубхонасини яратиш каби масалалар муҳокама этилди ва фикрлар алмашилди.
Ўз навбатида, Фирдавс Абдухолиқов томонидан Марказ музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитиш бўйича Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар, “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” Ўзбекистон олимлари Форуми доирасида 500 га яқин олимлар ва экспертлар томонидан 600 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар асосида Марказ Концепцияси ва ички дизайнига ўзгартириш киритиш лозимлиги яна бир бор таъкидланди.
Мулоқот сўнгида Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов хориж компанияси директори Синан Тураманни жорий йил 23-27 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилаётган “Аждодларнинг буюк мероси – Учинчи уйғониш даври асоси” VIII халқаро конгрессига таклиф қилди. Мулоқот самимий ва дўстона руҳда ўтди.