Чжан Цинвэй бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди


Жорий йилнинг 19 декабрь куни Хитой Халқ Республикасининг Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг ўринбосари Чжан Цинвэй бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонида бўлди.

Учрашувда мазкур лойиҳа бевосита мамлакатимиз Раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётгани, ислом дини меросини қайта тиклаш, маърифий ислом ғоясини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ҳамда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўналишларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси эканлиги таъкидланди.

Мартабали меҳмон ва унинг ҳамроҳларига Марказнинг мақсад ва вазифалари, Марказий Осиёда етишиб чиққан буюк мутафаккирлар илмий мероси, ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди. Меҳмонлар Марказ қурилиш биноси лойиҳаси ва меъморий ечимлари, марказ таркибидаги Ислом цивилизацияси тарихи музейининг Илм-фан бўлими намунавий ҳудуди экспозицияси билан таништирилиб, уларга музейда акс этиши кўзда тутилган қўлёзма ва тарихий артефактлар ҳақида маълумотлар берилди. Делегация аъзоларига “Шарқ ва Ғарб” ноёб китоблар жамланмаси совға қилинди.

Чжан Цинвэй жаноблари учрашув учун ўз миннатдорчилигини билдириб, ислом дини дунё цивилизациялари ривожига улкан ҳисса қўшгани, Марказ ғояси ва унинг келажакдаги аҳамияти юқори эканлигини таъкидлади. Марказ келажакда маҳобатли ва жуда кўркам бўлишини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг жадал суръатларда ривожланаётганидан беҳад мамнунлигини изҳор қилди. 

Бу мегалойиҳани бунёд этиш катта куч ва билим талаб этишини билдирган ҳолда, Марказ қурилиш ишларига муваффақият тилади.