Бухоро - ислом олами маданияти пойтахти


    2020 йилнинг 28 май кун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Бухоро давлат университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг ICESCO ва IRCICA ташкилотлари ҳамкорлигида “Бухоронинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва ундаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн видеоконференция ташкил этилди. Видео конференция Қуръони Карим тиловати билан бошланди.


    Фан, маданият ва таълим масалалари ислом ташкилоти ICESCO Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик Бухоро Ўрта асрларда илм ва маърифат маркази, айниқса, ислом дини, ислом илмлари ривож топган “Ислом гумбази” номига мушарраф бўлгани ва ҳақли равишда ICESCO “Бухорони 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилганини таъкидлади. Халқаро ташкилот раҳбари:


1. Самарқанддаги Имом Бухорий Халқаро илмий тадқиқот марказида ICESCO нинг Қўлёзмалар бўйича минтақавий марказини ташкил этиш;
2. ICESCO раҳнамолигида Марокаш қироллигининг Фес шаҳридаги Сайид Муҳаммад бин Абдулло Университетида Имом Ал-Бухорий Академик тадқиқотлар кафедрасини ташкил этиш;
3. Бухоро ва Ўзбекистондаги 50 та тарихий ёдгорлик ва қадамжоларни Ислом олами мероси рўйхатига киритиш;
4. Ўзбекистондан етишиб чиққан алломалар ва уларнинг Цивилизацияга қўшган ҳиссаси бўйича китоб нашр қилиш (араб, ўзбек, рус тилларида);
5. Бухоро шаҳридаги энг яхши маданий лойиҳа учун ICESCO мукофотини тақдим қилиш бўйича таклифлар киритди.
Видео тадбирда сўзга чиққан Ислом маданияти ва тарихини тадқиқ қилиш халқаро маркази директори Холид Эрен ўтказилаётган тадбир мураккаб шароитда амалга ошаётганига қарамай иштирокчиларнинг сони ва даражаси Бухорога, Ўзбекистон диёрига нисбатан бўлган ҳурмат ва эътибордан дарак беришини таъкидлади. У ИРСИКА билан Ўзбекистон ўртасида илмий-маърифий меросни ҳамкорликда ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ҳамкорликдан мамнун эканини билдирди.


  Видео конференцияда БАА, Туркия, Миср, Тунис, Жазоир, Марокаш, Бразилия, Албания, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Нидерландия, Швеция, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Қозоғистон маданият вазирликлари, ислом тадқиқотлари марказлари раҳбарлари ва етакчи олимлар Бухоро ва унинг шавкатли тарихи тўғрисида қизиқарли маърузалар қилдилар.
Халқаро конференция ялпи ва шўъба йиғилишларида иштирок этган хорижий иштироклар ўз чиқишлари ва маърузаларида Бухоро ва умуман хозирги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк уламоларнинг Ислом цивилизацияси ва дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссаларини эътироф этдилар. Улар Ўзбекистон Республикаси Президент Ш.Мирзиёев ва республика ҳукумати томонидан тарихий меросни асраш, диний ва миллий қадриятларни тиклаш, илм-маърифат ривожи, миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳамда ёш авлод тарбияси каби энг долзарб соҳаларда олиб борилаётган сиёсатга юқори баҳо бердилар.


Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, видео конференцияни тўхтовсиз техник алоқаси ва 5 тилга таржима жараёни ўзбек мутахассислари, ёшлари томонидан аъло даражада таъминланди. Видео конференциянинг барча иштирокчиларига шаҳодатномалар тақдим қилинди.

 

Ислом цивилизацияси маркази
директори Ш.Миноваров