"Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти" китоб-альбоми нашрдан чиқди


“Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбоми нашрдан чиқди

2020 йилда ISESCO (таълим, фан ва маданият масалалари бўйича нуфузли халқаро ташкилот) халқаро ташкилоти томонидан “Бухоро шаҳри — Ислом олами маданияти пойтахти” дея эълон қилинган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 4 апрелдаги, республика Маданият вазирлигининг 2019 йил 4 июндаги хатларига мувофиқ чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилган.

Дастурга биноан, “Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” деб номланган китоб-альбомини уч тилда — ўзбек, инглиз ва араб тилларида чоп этиш вазифаси Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига топширилган. Мазкур китобни нашрга тайёрлаш масъулияти эса Бухоро давлат университетидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Азалшоҳ Ҳамроев ва Бухоро муҳандислик-технология институти катта ўқитувчиси Мавлуда Раҳмонова зиммаларига юклатилган. Бугунга келиб, мазкур нашр устида олиб борилган ишлар ва изланишлар ўз якунига етказилиб, китоб “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди.

“Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбомида Ислом дини ва маърифатининг диёримиз тарихи, маданияти, миллий меъморий услубдаги иморатсозлиги, ҳатто маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи ва кийиниш маданиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатгани ўз ифодасини топган. Китобнинг I боби “Бухорои шариф: кўҳна тарих ва маданият, муқаддас дин ва миллий ўзлик тимсоли” деб номланиб, унда Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган кўҳна Бухоронинг цивилизация бешиги эканлиги, воҳани ўраб олган “Кампирдевори” ва Бухоронинг 11 та дарвозаси, воҳадаги қадимий Варахша, Арк, Пойканд, Вардонзе қўрғонларидан топилган археологик ашёларда акс этган битиклар ўрин олган.        

Китобда Бухорога Ислом дини ва маданиятининг кириб келиши, ҳудудда ҳукмронлик қилган Сомонийлар ва Қорахонийлар сулолаларининг Ислом маданиятига қўшган ҳиссаси, масжид ва мадрасаларда “Қуръони Карим” муқаддас китоби ва  “Ҳадиси шариф”лардан намуналар, Бухоро заминидан етишиб чиққан буюк шоир Абдуллоҳ Рудакий, зукко муаррих Муҳаммад Наршахий, улуғ табиб, шоир ва файласуф Ибн Сино, яна Имом Абу Ҳафси Кабир ва Абу Ҳафси сағир, муҳаддислар султони Имом Бухорий каби улуғ аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни, фани ва Ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшганлари тарихий далиллар асосида ифодаланган.  

2019 йил 21 июнь куни Хитойнинг Пекин шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти куни муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда Бухоронинг “Пойи калон” меъморий ансамбли “ШҲТ нинг 8 мўъжизаси” рўйхатидан ўрин олган эди. “Бухоро Ислом архитектурасининг гултожи” деб номланган бобда мазкур “Пойи калон” мажмуасидаги Минораи калон, Масжиди калон ҳамда Мир Араб мадрасасидаги исломий моҳият суратлар ва манбаларни ўрганиш асносида муаллифларнинг чиқарган теран хулосалари ва уч тилда берилган изоҳларда намоён. Альбомда Вобкент минораси, Мағоки аттор масжиди, Сайфиддин Бохарзий ва Баёнқулихон мақбараларида диний мазмундаги, одамларни эзгуликка етакловчи битиклар ҳам акс этгани кўрсатиб берилган.

Темурийлар даврида Ислом динига бўлган эҳтиром, ўша даврга мансуб “Чашмаи Айюб” мақбараси,” Қўш мадраса”лар, “Хўжа Зайниддин” ва “Баланд” масжидлари, “Чор Бакр” мажмуаси, “Кўкалдош”, “Нодир Девонбеги”, “Улуғбек”, “Абулфайзхон” ва  “Модарихон” мадрасалари, “Чорминор”, “Боло ҳовуз” масжидлари, “Ситораи Моҳи Хосса” саройи деворлари, шифтларида сақланиб қолган исломий унсурлар Бухоронинг Ислом маданияти пойтахти номига лойиқ шаҳар эканлигини исботлаб турибди. Зеро, Бухоронинг ҳар бир тарихий обидаси халқимизнинг буюк заковати ва салоҳиятидан, илму маърифатидан, маънавияти ва маданиятидан, фалсафаси ва дини равнақидан далолат беради.

Китобнинг “XIX–XX асрларда диний қадриятларга муносабат” бобида XX асрнинг 30-йилларида бутун Ўзбекистонда бўлгани каби Бухорода ҳам мингга яқин зиёлиларнинг қатағон қурбони бўлишгани, биргина 1937-1938 йилларда юздан ортиқ диний уламо отувга ҳукм қилингани баён қилинган. Бу даврда масжид ва мадрасалар ёпиб қўйилгани, 1945 йилга келиб Бухорода “Мирараб” мадрасаси ўз фаолиятини қайта бошлагани, Бухорода “Хўжа Таббат”, “Чор Бакр” ва Ғиждувонда Жомеъ масжидларининг очилишига рухсат берилса-да, 1950 йилларнинг бошларига келиб, бу масжидлар турли баҳоналар билан яна ёпиб қўйилганлиги архивлардан олинган оқ-қора суратларда акс эттирилган.    

Китобнинг “Мустақиллик йилларида Ислом дини ва маърифатига бўлган эътибор” бобида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан буюк аждодларимиздан қолган маданий меросни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш, улуғ авлиёлар қадамжолари ва зиёратгоҳларини ободонлаштириш, муқаддас Ислом дини моҳиятини бутун дунёга ёйишдек муҳим қв устувор вазифа белгиланган. Айниқса, юртимиз тараққиётида янгиланишни бошлаб берган сўнгги уч-тўрт йилда мамлакатимиз Президенти томонидан юртимизда маърифий Исломни янада кенг тарғиб этиш, буюк алломаларимизнинг илмий–диний меросини оммалаштириш, зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинаётгани китобда ўз аксини топган.  

Худди шундай, китоб-альбомда Бухоронинг дунёга машҳур “Мирараб” ўрта-махсус Ислом билим юрти, “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта-махсус Ислом таълим муассасаси ҳамда “Мирараб олий мадрасасининг маърифий Исломни халқимиз онги ва қалбига етказишдаги беқиёс ҳиссаси ҳам кенгайтирилган ҳолда очиб берилган.

“Бухоронинг бетакрор маданияти”, “Байрамларда асрий анъана ва қадриятлар ифодаси”, “Бухорои шариф-туризм маркази”, “Бухоро ҳунармандчилигида исломий унсурлар” бобларида ҳам юртимизда тайёрланган металл, ёғоч ва матолардаги диний мазмундаги битиклар — Бухорои Шарифнинг ҳунармандчилик турлари орқали ислом маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси хусусида сўз боради. Зеро, Бухорода Ислом маданиятининг ижобий таъсири остида яратилган нафис ҳунармандчилик намуналари, меъморий обидалар, масжиду мадрасалар ўзининг маҳобати, бетакрорлиги, гўзаллиги билан асрлар оша дунё эътиборини тортиб келмоқда.  

Китобнинг сўнгги “Етти пирни етиштирган муқаддас Ватан” бобида Ҳожагон-Нақшбандия тариқатининг етти буюк Пири, уларнинг илмий-маърифий мероси, тариқатнинг мазмун-моҳияти қисқа ва лўнда очиб берилган.

Хулоса шуки, ўзбек, инглиз ва араб тилларида кенг қамровда, зарур маълумотлар билан бойитилган “Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбоми нодир библиографик нашрга айланишига ишонамиз.

Гулчеҳра Наврўзова,
фалсафа фанлари доктори, профессор