Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Марокаш Қироллигининг Фес шаҳрида ўтказилаётган Цивилизациялар Альянси IX Глобал форуми ўз ишини якунлади


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Цивилизациялар Альянси IX Глобал форумининг биринчи кунида 50 дан ортиқ давлат делегациялари, Альянснинг дўстлик гуруҳи вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, диний етакчилар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Форумнинг ялпи мажлисида 40 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарлари, собиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон, Португалия, Хорватия, БАА, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Туркия, Қатар ва бошқа давлатлар вазирлари сўзга чиқдилар. Улар ўз маърузаларида дунёдаги инқирозли вазият, ўзаро ҳурмат, динлараро, маданиятлараро ва цивилизациялараро мулоқотга асосланган тинчлик, бирлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш йўллари ва ёндашувлари юзасидан хавотир билдирдилар.

Форумнинг очилиш маросими

Тадбир доирасида делегация аъзоси Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи У.Маҳмудов томонидан бир қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Бош котиби ўринбосари, Гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича маслаҳатчиси жаноб Тариқ Али Бахит билан учрашув бўлиб ўтди. Жаноб Бахит Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистонда олиб борилаётган диний сиёсатни қўллаб-қувватлашини, айниқса Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг ёндашувларини ҳурмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари кўламидан келиб чиқиб, ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, форум давомида Марокаш Қироли Маҳмуд VI нинг  маслаҳатчиси Андре Азулай билан динлараро, цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш таклиф этилди. Марокашда фаолият олиб бораётган турдош илмий-таълим марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

Марокаш Қироли Маҳмуд VI нинг маслаҳатчиси Андре Азулай

Шундан сўнг, Япониянинг Марокаш Қироллигидаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Хидеаки Курамитсу билан учрашилди. Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари юзасидан маълумотлар берилди. Ижтимоий-сиёсий соҳада ўтиш даврини бошдан кечираётган собиқ иттифоқ давлатларида бағрикенглик ғояларига асосланган диний муносабатлар юзасидан фикр алмашилди. Элчига Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Япониянинг Марокаш Қироллигидаги фавқулодда ва мухтор элчиси
Хидеаки Курамитсу

Форумда иштирок этаётган АҚШнинг Диний ва анъанавий тинчликпарварлик тармоғи ижрочи директори доктор Мухаммед Элсануси билан ҳам учрашув ташкил этилди. Элсануси жаноблари жорий йилнинг май ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми доирасида Ўзбекистонга ташриф буюргани, мамлакатимизда Зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар нафақат минтақада, балки дунёда ҳам Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга туртки бўлаётганини билдирди. Суҳбат давомида АҚШнинг Диний ва анъанавий тинчликпарварлик тармоғи ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

АҚШнинг Диний ва анъанавий тинчликпарварлик тармоғи
ижрочи директори Мухаммед Элсануси

Шунингдек, тадбир доирасида Испания собиқ бош вазири Хосе Родригес Сапатеро, Қозоғистоннинг Н.Назарбаев номидаги динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш маркази директори Булат Сарсенбаев, Озарбайжоннинг Низомий Ганжавий халқаро маркази ходимлари билан учрашувлар ташкил этилди.

Тадбир Цивилизациялар альянси IX форумининг кун тартибига қўйилган муаммо ва ечимларни ўзида акс эттирган декларациянинг қабул қилиниши билан якунланди.

 

Ижтимоий-маърифий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил илмий бўлими