"БУЮК АЖДОДЛАР МЕРОСИ - III РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРИ" ФОРУМИ ИШ БОШЛАДИ
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган диний-маърифий йўналишдаги масалаларга бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари қатор масалаларга тўхталиб, жумладан, халқимиз ва чет эллик меҳмонларни аждодларимизнинг бебаҳо мероси билан кенг таништиришга, маърифатли ислом ғояларини илгари суришга хизмат қиладиган Ислом цивилизацияси маркази фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади. Йиғилишда, шунингдек, Марказ музейини соҳага оид чуқур маъно ва юксак мазмунга эга бўлган экспонатлар билан бойитиш вазифаси қўйилди.
Вазифалар ижроси юзасидан бугун, 20 июнь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзусидаги Ўзбекистон тарихчи-шарқшунос олимлари форуми иш бошлади. Форум доирасида Марказ музейи бўлимларининг кенгайтирилган йиғилишлари бўлиб ўтди. Шўъбаларга бўлинган ҳолда ўтказилган семинарларда “Ислом динининг шаклланиши ва Марказий Осиёда ёйилиши”, “Марказий Осиёда таълим тарихи”, “Шаҳарсозлик ва меъморчилик” бўлимлари мутахассислари музейга жойлаштириладиган экспонатлар ҳақида ўз тақдимот ва лойиҳаларини намойиш этишди. Ишчи гуруҳга таклиф этилган соҳа мутахассислари, олим ва тадқиқотчилар муҳокамага ташланган масалаларга ўз муносабатлари, фикрлари ва таклифларини бериб ўтишди.
Форум ўз ишини 25 июнгача давом эттиради.