9 ФЕВРАЛ - ҲАЗРАТ МИР АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН


Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Инсоний ишқ-муҳаббатни, меҳру вафо, иффат, шарму ҳаё ва назокатни ёниб, ҳассослик билан куйлаган Навоийнинг гўзал сатрларини ўқиганда буюк ва олижаноб қалб садоларини сезиб турамиз. Бу юрак туғёнлари, мана, орадан беш ярим асрдан зиёд вақт ўтса ҳамки, миллионлаб одамларни ҳаяжонга солиб келмоқда.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий ҳаёти, шахсий фазилатлари, фаолияти, кўпқиррали меросини билиш ва англашга интилиш мозийдан ҳозирги кунга қадар давом этиб келмоқда. Чунки улуғ ўзбек шоири, носири, мутафаккири, давлат арбоби, маърифатпарвари, ижод аҳлининг мураббийси, фуқаро ғамхўри, мамлакат яхлитлиги, тинчлиги ва осойишталигининг толмас курашчиси Низомиддин Амир Алишер Навоий ўзининг кўпқиррали фаъолияти билан мамлакат ва халқ тақдири, илм-маърифат, шеърият ва маънавият тарихида алоҳида мавқега эга бўлган беназир сиймодир.

Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 

 

Ёш Алишернинг шеъриятга бўлган ҳаваси жуда эрта уйғонди, болалигидаёқ Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари               Мирсаид — Кобулий, Муҳаммад Али — Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.

Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Туркий шеърларини Навоий тахаллуси билан, форсий шеърларини Фоний тахаллуси билан ёзган.

Алишер Навоий «Хамса»си ўша даврда мавжуд бўлган Шарқ хамсанавислиги анъанасида улуғ бир адабий кашфиёт эканининг шу соҳада ўзи ҳам қалам тебратган буюк шоир ва аллома устоз Абдураҳмон Жомий биринчи бўлиб эътироф этган эди.  Ҳусайн Бойқаронинг «Хамса» муаллифига кўрсатган буюк ҳурмати ўзи минадиган оқ отга миндириб, жиловдор бўлганлиги, Алишер Навоийни назм мулкининг соҳибқирони ва қаҳрамони деб аташини туркийгўйларнинг эътирофи сифатида қабул қилиш мумкин. Демак, Шарқда-форсий ва туркий тилларда сўзлашувчилар Алишер Навоий «Хамса»сини буюк адабий ҳодиса-кашфиёт деб билганлари диққатга сазовордир.

Алишер Навоийнинг «Хамса»си буюк бешлик тарзида шуҳрат қозонган бўлиб, унинг майдонга келиши ҳам мавжуд анъана ҳамда замонадаги бадиий-эстетик талаблар натижаси сифатида қаралади. Маълумки, хамса ёзиш анъанаси исломий цивилизация тарқалган ўлкалардаги уйғониш даври маҳсулидир. Хамса деб аталувчи асарларнинг майдонга келишигача, яъни XII асргача бўлган даврда туркум қисса ва достонлардан иборат «Калила ва Димна», «Синдбоднома»(Рўдакий), «Шоҳнома»(Фирдавсий), «Қутадғу билик»(Юсуф Хос Ҳожиб) каби форсий ва туркий тилларда битилган туркум асарлар мавжуд эди.

«Хамса» ёзишга биринчи бўлиб киришган озарбойжонлик Низомий Ганжавийдир (1441-1209). У 1179-1201 йиллар орасида форс тилида бешта достон яратди.

Низомийдан кейин унинг «Панж ганжи» услубида достонлар туркумини- Хамсани яратган шоир Ҳиндистонда туғилиб, фаолият кўрсатган ватандошимиз Хусрав Деҳлавийдир (1253-1325). Хусрав Деҳлавий 1299-1302 йилларда ўзининг «Хамса»сини форс тилида ёзди. 

Алишер Навоий XII-XV асрлар давомида форс тилида яратилган достонлар туркуми- бешлик ва хамсаларни ўрганган ва шулардан          иккитаси –хамсатайнни, яъни Низомий ва Хусрав хамсаларини маъқул топиб, уларнинг бутун хусусиятларини ҳар томонлама тадқиқ этган. 

Буюк мутафаккир бобомиз илмий ва адабий меросини мунтазам ўрганиш,   уни ёшларимизга содда ва равон тилда етказиш уларни юксак инсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Матбуот хизмати