27 ТИЛДА СУҲБАТЛАША ОЛГАН ОЛИМ - ФУАТ СЕЗГИН МУЗЕЙИ ҲАҚИДА ЭШИТГАНМИСИЗ?


Фуат Сезгин музейи – 2024 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида очилган дунёдаги биринчи Ислом фанлари ва технологиялари музейи ҳисобланади. Музей Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилиб, Фуат Сезгиннинг 50 йилдан ортиқ илм-фан соҳасидаги ишлари ва саъй-ҳаракатлари асосида яратилган. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори бошчилигидаги  делегация Фуат Сезгин номидаги илм-фан технологиялар тарихи музейи тажрибаси билан ҳам танишди. 

Фуат Сезгин (1924-2018) – Ислом фанлари тарихидаги нуфузли исломшунос олимлардан биридир. У Германиянинг Франкфурт шаҳридаги  Иоганн Волфганг Гёте университетининг фахрий профессори бўлиш билан бир вақтда бу ерда Араб Исломий фанлар тарихи институтининг асосчиси ва фахрий директори ҳам бўлган. Профессор Сезгин 27 тилда суҳбатлаша олган ҳамда лотин, сурёний ва иврит тилларини яхши билган. Фуат Сезгиннинг фан ва тадқиқотлар соҳасидаги хизматлари турли жаҳон мукофотлари билан эътироф этилган. У Турк илф-фан ривожига катта ҳисса қўшган олимлардан бири.  

Фуат Сезгин музейи  мусулмон олимларининг асрлар давомида ислом маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссаларини ёритиш ва уларни кенг жамоатга таништириш мақсадида ташкил этилган. Унда ислом олимларининг ихтиролари ва кашфиётлари кўрсатилиб, уларнинг замонавий фан ва технологияларга қўшган ҳиссаси акс эттирилган. Музейда турли соҳалардаги экспонатлар, жумладан, астрономия, география, океанография, механика, кимё, физика ва тиббиёт соҳаларидаги қурилмалар ва асбоблар мавжуд. Экспонатлар орасида VIII-XVI асрларга мансуб оригинал ихтиролар ва кашфиётларнинг нусхалари мавжуд. 

Бугунги кунда музейда жами 700 дан ортиқ экспонатлар мавжуд бўлиб, улар доимий равишда янгиланиб, музей фонди янада бойитиб борилмоқда. 

Музейга Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлиги, Туркия Фан ва техник тадқиқот кенгаши, ҳамда Туркия Фанлар академияси яқиндан кўмаклашади. 

— Музей асосчиси Фуат Сезгиннинг  энг катта хизмати бу –  илм-фан тарихида ишлатилган барча аргументларнинг нусхаларини жамлаган. Энг эътиборли жиҳати шундаки, глобус, кўприклар, сув иншоотлари, тиббиёт асбоб-анжомлари каби барча йўналишларда қўлланилган жуда кўплаб экспонатларни шахсий маблағлари ҳисобидан ясаттирган. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, Фуат Сезгин аввалига барча экспонатларни ўз уйида жамлаган. Кейингина музей ташкил қилинган. Ҳозирги кунда музейда турк дунёси ва ислом олимларининг сўнгги минг йилликдан ортиқ давр мобайнида яратилган турли кашфиётлар, илм-фан билан боғлиқ барча артефактларнинг нусҳалари мавжуд. Булар эса туркий дунё олимларининг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини бемалол тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилади. Хусусан, музейда буюк алломалар Беруний томонидан яратилган глобус, Ибн Синонинг қадимий қўлёзмалари, Улуғбек Расадхонасининг макетини, Ал Фарғоний томонидан ишлаб чиқилган нилометр нусхасини  ҳам кўриш мумкин, - деди Фуат Сезгин музейи директори Синан Акпинар. 

Музейдан чиқишда профессор Фуат Сезгиннинг қабрини кўриш мумкин. Олимнинг илм-фан технологиялар тарихига қўшган хизматлари инобатга олинган ҳолда фақатгина Фуат Сезгинни музей ҳудудига дафн қилишга рухсат берилган экан.